TOШКЕНТ, 29 авг — Sputnik. Сиёсий партия сайловда иштирок этиш учун ажратилган давлат маблағлари тўғрисидаги ҳисоботни ўз вақтида тақдим этмаса, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жаримага тортилиши мумкин, дея хабар берди юқори палата матбуот хизмати.
Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун маъқулланди.
Қайд этилишича, мазкур қонун ҳар бир фуқаронинг тенг сайлов ҳуқуқлари кафолатларини мустаҳкамлаш, “оилавий” овоз бериш ҳолатларининг олдини олиш ва сайлов кампанияларида молиявий операцияларнинг шаффофлигини таъминлашга қаратилган.
Қонун орқали Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига сайлов жараёни билан боғлиқ бўлган айрим тузатишлар киритилмоқда. Хусусан, сайлов (овоз бериш) бюллетенларини бериш тартибини бузганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваригача миқдорда жарима солиниши белгиланмоқда.
“Ўтган сайловлар жараёнида бир шахсни бошқа шахс ва шахслар номидан сайлов бюллетенларини бир неча марта тўлдириш билан боғлиқ ҳолатлар кузатилган. Бошқача сўз билан айтганда, оилавий овоз берадиганлар аниқланган. Юзага келган бундай камчиликлар, сайлов тизими билан боғлиқ бўлган қонунчиликка тузатишлар киритиш зарурияти мавжуд эканлигини кўрсатди. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 51–10–прим ва 51–11–прим моддалари билан тўлдирилмоқда. Бунда овоз бериш бюллетенларини бериш тартибини бузганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваригача миқдорда жарима солиниши белгиланморқда”, — дейди сенатор Нариман Умаров.
Бундан ташқари, қонун сайловда иштирок этиш учун ажратилган давлат маблағлари юзасидан молиявий ҳисоботларни тақдим этиш тартибини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилашни назарда тутади.
“Унга кўра, сайловда иштирок этиш учун ажратилган давлат маблағлари тўғрисидаги оралиқ ёки якуний ҳисоботни cиёсий партия томонидан Марказий сайлов комиссиясига тақдим этмаслик ёки ўз вақтида тақдим этмаслик ёхуд ҳисоботда била туриб нотўғри маълумотларни тақдим этиш, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади”, — дейилади хабарда.
Қонун қуйидагиларга хизмат қилади:
ҳар бир фуқаронинг тенг сайлов ҳуқуқи кафолатларини яна-да мустаҳкамлаш;
сайлов кампанияси вақтида фойдаланилган Давлат бюджети маблағлари тўғрисида тезкор ва ишончли ахборот тақдим этишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш;
сиёсий партияларнинг Давлат бюджети маблағларидан фойдаланиш бўйича молиявий ҳисобдорлик масъулиятини кучайтириш.
Маълумот учун, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51–8–прим моддасига кўра, сайловни ёки референдумни молиялаштириш тартибини бузиш, — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.