Энди Ўзбекистонда депутатлар аралаш сайлов тизими асосида сайланади

© Sputnik / Максим Богодвид / Медиабанкка ўтишУрна для голосования. Архивное фото
Урна для голосования. Архивное фото - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 19.12.2023
Oбуна бўлиш
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайлови аралаш сайлов тизими асосида ўтказилади.
ТОШКЕНТ, 19 дек — Sputnik. Энди Ўзбекистонда депутатлар аралаш сайлов тизими асосида сайланади. Бу ҳақда президент томонидан имзоланган тегишли қонунда назарда тутилган.
Ўзбекистон конституцияга киритилган ўзгартиришлар доирасида аралаш сайлов тизимини жорий этмоқда. Жумладан, Сайлов кодексига қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш учун 75 та ҳудудий бир мандатли сайлов округи тузилади;
Депутатликка сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган номзодлар рўйхати асосида Қонунчилик палатасига сайлов ўтказиш учун Ўзбекистоннинг бутун ҳудуди ягона сайлов округи ҳисобланади;
Партия рўйхати Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинганидан кейин, ушбу рўйхатга киритилганлар депутатликка номзод мақомини олади ва уларга гувоҳнома берилади;
Партия рўйхатига киритилган номзодлар ушбу сиёсий партиянинг аъзолари ёки партиясиз бўлиши мумкин. Бошқа сиёсий партиянинг аъзолари ушбу рўйхатга киритилиши мумкин эмас;
депутатликка номзодларни танлаш тартиби сиёсий партиялар томонидан белгиланади;
аёлларнинг сони бир мандатли сайлов округлари бўйича, шунингдек партия рўйхати асосида сиёсий партиядан кўрсатилган депутатликка номзодлар сонининг камида 40 фоизини ташкил этиши керак. Бунда партия рўйхатидаги кетма-кетликда камида ҳар 5 нафар номзоднинг икки нафари аёл киши бўлиши лозим.
Шунингдек, ягона сайлов округи бўйича сайланадиган Қонунчилик палатасининг депутатлик ўринлари ушбу сайловда иштирок этган сайловчилар овозларининг 7 ва ундан кўпроқ фоизини тўплаган сиёсий партиялар ўртасида тақсимланади.
Агар сайловда иштирок этган сайловчилар овозларининг 7 ва ундан кўпроқ фоизини фақат битта сиёсий партия тўплаган бўлса, унда депутатлик ўринлари сайловчиларнинг энг кўп овозини тўплаган иккинчи сиёсий партияга ҳам тақсимланади.
Марказий сайлов комиссияси депутатлик мандатларини сиёсий партиялар ўртасида тақсимлаш тўғрисида баённома тузади.
Партия рўйхати бўйича сайланган депутатлар ўртасида депутатлик мандатларини тақсимлаш Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган партия рўйхатига киритилган депутатликка номзодлар кетма-кетлигига мувофиқ амалга оширилади.
Қолаверса, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартиришларга кўра, Қонунчилик палатасининг камида 5 нафар депутати фракция тузиш ҳуқуқига эга (илгари камида 9 нафар эди).
Сайлов кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра, сайлов комиссиялари тизимига қуйидагилар киради:
Марказий сайлов комиссияси;
ҳудудий сайлов комиссиялари;
туман ва шаҳар сайлов комиссиялари;
халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари;
участка сайлов комиссиялари.
Марказий сайлов комиссияси Олий Мажлис палаталари томонидан 9 нафар аъзодан иборат таркибда тузилади ва доимий асосда фаолият юритади (илгари 15 нафар эди).
Марказий сайлов комиссиясининг 1 нафар аъзоси Қорақалпоғистон республикаси вакили бўлади.
Қонунга кўра шунингдек, Маҳаллий Кенгашларга сайлов ҳудудий бир мандатли сайлов округлари бўйича кўппартиявийлик асосида 5 йил муддатга ўтказилади.
Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларидаги депутатлик ўринлари сони аҳоли сонидан келиб чиққан ҳолда тегишли маҳаллий Кенгаш томонидан қуйидагича белгиланади:
аҳоли сони 2 миллион нафаргача бўлган ҳудудларда – 30 тадан 40 тагача;
аҳоли сони 2 миллиондан 3 миллион нафаргача бўлган ҳудудларда – 40 тадан 50 тагача;
аҳоли сони 3 миллион нафардан ортиқ бўлган ҳудудларда – 50 тадан 60 тагача.
Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларидаги депутатлик ўринлари сони аҳоли сонидан келиб чиққан ҳолда тегишли маҳаллий Кенгаш томонидан қуйидагича белгиланади:
аҳоли сони 30 минг нафаргача бўлган ҳудудларда – 10 тадан 15 тагача;
аҳоли сони 30 мингдан 100 минг нафаргача бўлган ҳудудларда – 15 тадан 20 тагача;
аҳоли сони 100 мингдан 300 минг нафаргача бўлган ҳудудларда – 20 тадан 25 тагача;
аҳоли сони 300 минг нафардан ортиқ бўлган ҳудудларда – 25 тадан 30 тагача.
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда сайлов тизими мажоритар-пропорционал шаклга ўтказишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳақидаги фармонни 8 май куни имзолаган эди.
"Ma'no" илмий ташаббуслар маркази директори Бахтиёр Эргашевнинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг мажоритар сайлов тизимидан аралаш сайлов тизимига ўтиши мамлакатда сиёсий партияларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Маълумот учун, халқаро тажрибада сайлов тизимининг мажоритар, пропорционал ва аралаш турлари мавжуд.
Аралаш сайлов тизими - депутатлик мандатларининг бир қисми ҳукуматнинг барқарор шаклланишига ҳисса қўшадиган мажоритар тизим тамойиллари бўйича, иккинчи қисми эса пропорционал тизим тамойилларига мувофиқ тақсимланади. Овозларни тўлиқроқ ҳисобга олиш ва мамлакатдаги сиёсий вазиятнинг ҳақиқий манзарасини аниқроқ акс эттиради.
Шу кунгача Ўзбекистонда сайлов жараёнлари мажоритар сайлов тизимида ўтказилган. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови 2019 йил 22 декабрда бўлиб ўтган. Унда жами 13 963 627 нафар сайловчи иштирок этди ва бу сайловчилар умумий сонининг 67,8 фоизини ташкил қилди.
Янгиликлар лентаси
0