ТОШКЕНТ, 27 авг — Sputnik. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) бош котиби Сергей Лебедев Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашлари сайловида Ҳамдўстлик кузатувчилари миссиясига раҳбарлик қилади. Бу ҳақда МДҲ Ижроия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Сергей Лебедевнинг номзоди Ҳамдўстликка аъзо давлатларнинг Ҳамдўстликнинг устав ва бошқа органлари ҳузуридаги Доимий ваколатли вакиллари кенгаши қарори билан тасдиқланган.
Қайд этилишича, МДҲ кузатувчилари миссияси Ўзбекистон томонининг таклифига биноан “Давлатларда демократик сайловлар, сайлов ҳуқуқлари ва эркинликлари стандартлари тўғрисида”ги Конвенция, Ўзбекистон қонунчилигига амал қилган ҳолда сайлов кампаниясини кузатиб боради.
Шу билан бирга, МДҲ Кузатувчилари миссияси фаолияти очиқлик, бетарафлик ва сайлов жараёни ва давлатнинг ички ишларига аралашмаслик тамойилларига асосланади.
Маълумот учун, МДҲ бош котиби 2015, 2016 ва 2021 ва 2023 йилларда Ўзбекистонда бўлиб ўтган президент сайловлари, шунингдек, 2014, 2019 йилларда бўлиб ўтган парламент сайловларида МДҲ кузатувчилари миссиясига раҳбарлик қилган.
Эслатиб ўтамиз, 27 октябрь куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари, Халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашларига сайловлар бўлиб ўтади.
Сайловда иштирок этиш учун қуйидаги сиёсий партияларга ижозат берилди:
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясига;
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясига;
Ўзбекистон Экологик партиясига;
Ўзбекистон Халқ демократик партиясига;
Ўзбекистон “Адолат” социал демократик партиясига.