TOШКЕНТ, 27 авг — Sputnik. Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) Ташқи ишлар вазирлиги Францияни Парижда ҳибсга олинган Павел Дуровга БАА фуқароси сифатида барча зарур консуллик хизматларидан фойдаланиш имкониятини тақдим этишга чақирди. Бу ҳақда Амирлик ахборот агентлиги хабар берди.
Хабарга кўра, БАА Францияда ҳибсга олинган Амирлик фуқароси Павел Дуров ишини кузатиб бормоқда.
“Амирликлар Ле-Бурже аэропортида Франция ҳукумати томонидан қўлга олинган Telegram ижтимоий тармоғи асосчиси, Амирликлар фуқароси Павел Дуровнинг ишини диққат билан кузатиб бормоқда ва улар Франция ҳукуматига зудлик билан барча зарур консуллик хизматларининг тақдим этилишини талаб қилишди”, – дейилади хабарда.
ТИВ, шунингдек, ўз фуқаролари ишининг барча жабҳаларига эътиборли бўлиш, уларни ҳимоя қилиш ва назорат қилиш Бирлашган Амирликлар учун устувор вазифа бўлиб қолаётганини таъкидлади.
Хориж ОАВнинг маълум қилишича, Дуров ҳибсга олинганидан кейин бутун дунё бўйлаб Telegram'ни юклаб олишлар сони ортди. "Sensor Tower" таҳлилий компанияси маълумотларига кўра, ўтган якшанба ҳолатига кўра, бутун дунё бўйлаб iOS қурилмаларида Telegram'ни юклаб олишлар сони бир кунда 4 фоизга ошган. Бу айниқса Франция ва АҚШда ошган.
Маълумот учун, Павел Дуров Россия, БАА, Франция ва Сент-Китс ва Невис фуқаролигига эга.
Павел Дуровнинг ҳибсга олиниши мессенжер хавфсизлигига таъсир қилмайди, уни ўчириб ташламаслик керак, деди РИА Новостига "Kaspersky ICS CERT" эксперти Владимир Дашенко.
"Умуман хавфсизлик ҳақида гапирадиган бўлсак, асосий хавфсизлик қоидаларига риоя қилсангиз, тезкор мессенжерлардан хавфсиз фойдаланишда давом этишингиз мумкин”, — деди у.
Агар фойдаланувчи мессенжердан янгиликларни ўқиш ва кундалик мулоқот учун фойдаланса, у “хавотирга ўрин йўқ”.
Ўз навбатида, агар кимдир мессенжер ёрдамида ноқонуний фаолият олиб бораётган бўлса, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари бошқа усуллар билан киришлари мумкин. Унинг сўзларига кўра, фойдаланувчиларни ҳимоя қилиш учун улар мессенжер қаерда ишлаётганига қараб, ўз телефони ёки компьютерини блокдан чиқариш учун мураккаб паролдан фойдаланишлари керак.