TOШКЕНТ, 21 авг — Sputnik. Сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этишига ижозат берилди, дея хабар қилди Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати.
Марказий сайлов комиссиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш билан боғлиқ навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Сайловда иштирок этиш учун қуйидаги сиёсий партияларга ижозат берилди:
1.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясига;2.
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясига;3.
Ўзбекистон Экологик партиясига;4.
Ўзбекистон Халқ демократик партиясига;5.
Ўзбекистон “Адолат” социал демократик партиясига.Қайд этилишича, 16 август куни мазкур партиялардан сайловда иштирок этишга ижозат бериш тўғрисидаги аризалар “E-saylov” ахборот тизими орқали Марказий сайлов комиссиясига келиб тушган.
Сиёсий партияларнинг аризалари тақдим этилган куннинг ўзида уларнинг ваколатли вакиллари ўз партияларининг сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватловчи сайловчиларнинг имзоси қўйилган имзо варақаларини ҳам топширишди.
Имзо варақалари 33 нафардан иборат экспертлар гуруҳлари томонидан текшириб чиқилди. Натижаларга кўра ҳар бир сиёсий партия 40 мингдан ортиқ ҳақиқий имзо тўплашга муваффақ бўлганлиги аниқланди.
Маълумот учун, 27 октябрь куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари, Халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашларига сайловлар бўлиб ўтади.