TOШКЕНТ, 20 авг — Sputnik. Ўзбекистон коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашишда Малайзия билан ҳамкорлик қилади. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабар берди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги вакилларидан иборат делегация Малайзияда бўлиб турибди.
“Ташрифнинг асосий мақсади икки давлат коррупцияга қарши курашишга масъул идоралари ўртасида ўзаро ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва соҳада амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишдан иборат”, — дейилади хабарда.
Учрашув ўтказилган ташкилотлар:
Малайзия Парламенти Сенатининг Давлат бошқаруви, ҳалоллик ва коррупцияга қарши курашиш бўйича махсус қўмитаси;
“Malayziya Transparency International” ташкилоти;
“Коррупция ва непотизмга қарши курашиш маркази”(C4).
Учрашувларда шаффоф ва ҳисобдор давлат бошқаруви тизимини шакллантиришда парламентнинг ўрни, икки мамлакатнинг бу борадаги тажриба ва ёндашувлари хусусида ўзаро фикр алмашилди.
Шунингдек, коррупцияга қарши курашишда нодавлат ташкилотларининг иштироки, БМТнинг коррупцияга қарши Конвенцияси ва соҳадаги бошқа халқаро стандартларнинг миллий қонунчиликка имплементацияси, коррупцияга қарши курашиш органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг ҳамкорлик механизмларига эътибор қаратилди.
Қолаверса, манфаатлар тўқнашувини олдини олишда миллий қонунчиликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
“Ўзаро тажриба алмашиш ва кадрлар салоҳиятини ривожлантириш, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича маълумот ва профессионал материаллар алмашинувини йўлга қўйиш йўналишларида муҳим келишувларга эришилди”, — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Ўзбекистонда Қатар амири томонидан таъсис этилган “Халқаро коррупцияга қарши курашиш бўйича юксак мукофоти”нинг тантанали тақдирлаш маросими ўтказилди. Унда мамлакат етакчиси Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон 2030 йилгача коррупцияга қарши курашиш миллий стратегиясини ишлаб чиқишини маълум қилди.
Шунингдек, Марказий Осиёда Коррупцияга қарши конвенцияни жадал амалга ошириш бўйича минтақавий платформани ишга тушириш кўзда тутилмоқда. Минтақавий платформанинг мақсади Платформа ишида иштирок этувчи мамлакатлар томонидан БМТнинг Коррупцияга қарши Конвенцияси қоидаларини янада самарали амалга оширишга кўмаклашиш, бу борада минтақа мамлакатларининг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ва ривожлантиришдан иборат.