ТОШКЕНТ, 11 авг — Sputnik. Ўзбекистонлик 2 карра Олимпиада ва жаҳон чемпиони Баҳодир Жалолов ҳаваскор боксдаги фаолиятини якунлади, дея хабар берди Миллий олимпия қўмитаси.
“Олтин кечага ўзгача файз берган Баҳодир Жалоловнинг финал жанги, ҳар бир зарбалари юртдошларимизни катта ҳаяжонда ушлаб турди. Бу жанг Баҳодирнинг ҳаваскор боксдаги фаолиятига чиройли якун ясади. Энди ўзбек ўғлонига профессионал рингда ҳам мана шундай ёрқин ғалабалар тилаб қоламиз", — дейилади хабарда.
Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларида энг оғир вазн тоифасида иштирок этган Жалолов чемпионлик жангида испаниялик Аюб Ғадфани мағлуб этди. Ғалабадан сўнг, у ўз либосини рингда қолдирди. Бу билан Жалолов ҳаваскор боксдаги фаолиятини якунлаганини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда президент қарори билан Ўзбекистоннинг бокс спорт турини янада кенг оммалаштириш ва “устоз-шогирд” анъанаси орқали ёш боксчиларни етиштириш мақсадида Баҳодир Жалолов спорт маҳорати мактаби ташкил этилган.
Баҳодир Жалолов спорт маҳорати мактаби ўқувчилари 2023 йилда халқаро ва республика мусобақаларида 26 та олтин, 18 та кумуш, 15 та бронза медални қўлга киритган. Бу йил ҳам қатор турнирларда иштирок этиш режалаштирилган.