ТОШКЕНТ, 29 май — Sputnik. Шу йилнинг январь-апрель ойларида Ўзбекистон хорижга қиймати 298,5 млн долларга тенг бўлган мева ва сабзавотлар экспорт қилган. Бу ҳақда Статистика агентлиги маълум қилди.
“4 ойда 514,8 минг тонна мева ва сабзавотлар экспорт қилинган. Бу кўрсатгич 2023 йилнинг мос даври билан солиштирилганда 43,3 % га ёки 155,6 минг тоннага кўпайган”, — дейилади агентлик хабарида.
Январь-март ойларида мева-сабзавот маҳсулотларининг асосий экспорт бозорларида Покистон етакчилик қилган эди. Январь-апрель ойларида Россия экспорт учун асосий бозорга айланди.
"Мева-сабзавот маҳсулотларининг асосий экспорт бозорлари Россия (26,3 %), Покистон (24,2 %), Қозоғистон (13 %) ва Хитой (9,3 %) давлатлари ҳиссасига тўғри келган", — дейилади хабарда.
2024 йилнинг январь-апрель ойларида мева-сабзавотлар экспорти улуши жами экспортнинг 3,5 % ини ташкил этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ бу йил қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини 3,5 миллиард долларга етказиш маълум қилинган эди. Бунинг учун, мева-сабзавотлар, полиз экинлари, узум ва дуккакли маҳсулотлар етиштириш кўпайтирилади.
Ҳудудларда яна 20 та мобил лаборатория ташкил этилиб, “uzagrolab.uz” электрон платформасига интеграция қилинади. Пестицидлар муомаласидаги барча жараёнлар рақамлаштирилиб, сифатсиз пестицидларнинг юртимизга олиб келиниши ва ноқонуний савдосига барҳам берилади. 6 мингта боғ, 3 мингдан зиёд токзор ва дала майдонлари, 344 та қадоқлаш корхонаси хорижий фитосанитария талабларига мувофиқлаштирилади.
2023 йилда мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги 4,1 фоиз ўсган. Бу соҳадаги экспорт қарийб 2 миллиард долларни ташкил этган.