Мирзиёев бошчилигида қишлоқ хўжалиги экспортини ошириш масалалари кўриб чиқилди
10:13 03.02.2024 (янгиланди: 12:47 05.02.2024)
© Пресс-служба президента УзбекистанаШавкат Мирзиёев провел совещание по вопросам развития плодоовощной и продовольственной отраслей
Oбуна бўлиш
Йиғилишда жорий йилда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар муҳокама қилинди.
ТОШКЕНТ, 3 фев — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев мева-сабзавотчилик ва озиқ-овқат тармоғини ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Йиғилишда жорий йилда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар муҳокама қилинди.
Мутасаддилар соҳадаги ишлар кўламини кенгайтириб, бу йил қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини 3,5 миллиард долларга етказиш мумкинлигини айтди.
Таъкидланишича, бунинг учун, аввало, мева-сабзавотлар, полиз экинлари, узум ва дуккакли маҳсулотлар етиштириш кўпайтирилади. Ҳудудларда яна 20 та мобил лаборатория ташкил этилиб, “uzagrolab.uz” электрон платформасига интеграция қилинади. Пестицидлар муомаласидаги барча жараёнлар рақамлаштирилиб, сифатсиз пестицидларнинг Ўзбекистонга олиб келиниши ва ноқонуний савдосига барҳам берилади.
6 мингта боғ, 3 мингдан зиёд токзор ва дала майдонлари, 344 та қадоқлаш корхонаси хорижий фитосанитария талабларига мувофиқлаштирилади. Юқори самарали энтомофаглар олиб келиниб, зараркунанда ҳашаротларга қарши янги турдаги биологик кураш йўлга қўйилади.
Халқаро ҳамкорликни кучайтириш орқали экспорт ҳажмлари нисбатан қиммат бозорларга йўналтирилади. Шунингдек, яна 8 та давлатга фитосанитар рухсат олинади. Мева-сабзавотчиликка ихтисослаштирилган халқаро кўргазмаларда экспортчи корхоналар иштироки кенгайтирилиб, аниқ буюртмалар шакллантирилади. Фарғона, Самарқанд ва Тошкент халқаро аэропортлари ҳудудида мева-сабзавот маҳсулотларни экспорт қилишга қаратилган замонавий инфратузилмалар ташкил этилади.
Хориж тажрибаси асосида ўсимликлар ҳимояси ходимларининг малакаси оширилади. Халқаро экспертларни жалб этган ҳолда ҳар бир маҳсулотни етиштириш, сақлаш, қадоқлаш ва етказиб бериш бўйича қўлланма ишлаб чиқилади.
© Пресс-служба президента УзбекистанаШавкат Мирзиёев провел совещание по вопросам развития плодоовощной и продовольственной отраслей
Давлат раҳбари озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, экспортбоп маҳсулотлар етиштириш бўйича қўшимча топшириқлар берди.