Ўзбекистонда электромобиллар сотуви 10 баробар кўпайди

Мамлакатда электромобилларни қувватлаш станцияларини ривожлантириш бўйича дастур ишлаб чиқилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 фев — Sputnik. Ўзбекистонда сўнгги 3 йилда электромобиллар сотуви 10 баробар кўпайди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев иштирокидаги электромобиль ишлаб чиқаришни кенгайтириш чора-тадбирлари бўйича тақдимотда маълум қилинди.
Қайд этилишича, бугунги кунда 8 та заводда ўнлаб турдаги автомобиллар, йўловчи ва юк машиналари, қишлоқ хўжалиги ва махсус техникалар ишлаб чиқарилмоқда. Яна 2 мингдан зиёд корхонада кооперация асосида бутловчи ва эҳтиёт қисмлар тайёрланмоқда.
Пулли тўхташ ва электромобиль учун алоҳида жойлар: йўл ҳаракатининг янги талаблари қандай?
Шавкат Мирзиёевга электромобиль тармоғини ривожлантириш чора-тадбирлари тақдимот қилинди.
“Сўнгги уч йилда Ўзбекистонда электромобиллар сотуви 10 баробар кўпайган. 2023 йилда импорт қилинган автомобилларнинг 35 фоизини электромобиль ва гибридлар ташкил қилган. Шу боис мутасаддиларга бу йўналишдаги марраларни кенгроқ олиб, лойиҳаларни жадаллаштириш бўйича кўрсатмалар берилди. “BYD” компанияси ҳамкорларини жалб қилиб, электромобиллар учун бутловчи қисмларни ўзлаштириш зарурлиги таъкидланди”, — дейилади хабарда.
Мазкур янги тармоқда рақобатбардош бўлиш учун, энг аввало, инновация ва илғор технологиялар керак. Шу боис Турин политехника институти, муҳандислик марказлари, илмий институт ва лабораторияларни ўзаро боғлайдиган яхлит тизим яратиш вазифаси қўйилди.
Шунингдек, бу соҳа ривожланиши билан мутахассис ва ишчиларга талаб ортади. Яқин уч йилда бу талаб 10 мингга етиши мумкин. Шунинг учун малакали кадрлар тайёрлашни ҳозирдан бошлаш кераклиги қайд этилди.
Электромобилларни қувватлаш станцияларини ривожлантириш бўйича дастур ишлаб чиқилиши белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, январда Хитойга давлат ташрифи чоғида президент “BYD” компаниясининг бош қароргоҳида бўлди. Ушбу компания билан ҳамкорликда Жиззах вилоятида гибрид ва электр автомобилларни йиғиш бўйича лойиҳа бошланди. Компания раҳбари билан музокара чоғида яқин истиқболда ишлаб чиқариш қувватини йилига 500 минг донагача етказиш бўйича фикр алмашилган эди.
Россия тез орада ЕОИИ аҳолисининг электромобилга бўлган талабини қондира олади
Хитой компанияси Шавкат Мирзиёевга автомобиль совға қилди