Пулли тўхташ ва электромобиль учун алоҳида жойлар: йўл ҳаракатининг янги талаблари қандай?
© Sputnik / Актан ТемиркановАвтомобильное движение в Самарканде.
© Sputnik / Актан Темирканов
Oбуна бўлиш
Президент “Йўл ҳаракати тўғрисида”ги қонунни имзолади.
ТОШКЕНТ, 21 янв — Sputnik. Пулли тўхтаб туриш жойларига доир талаблар белгиланди. Бу ҳақда президент томонидан имзоланган “Йўл ҳаракати тўғрисида”ги қонунда назарда тутилган.
Қонунга кўра, пулли тўхтаб туриш жойларининг эгалари ушбу жойлардан фойдаланганлик учун тўлов миқдорини Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланадиган чекланган миқдорлардан юқори бўлмаган тарифлар бўйича мустақил равишда белгилайди.
Бунда тўлов нақд пул шаклида ёки нақд пулсиз, тўлов тизимларидан, шу жумладан автоматлаштирилган тўлов тизимларидан фойдаланилган ҳолда амалга оширилади.
Пулли тўхтаб туриш жойларининг эгалари ушбу жойлардан бепул ёки имтиёзли фойдаланиш ҳуқуқи бериладиган фойдаланувчилар ҳамда транспортларнинг рўйхатини белгилаш ҳуқуқига эга.
Улар, шунингдек:
пулли тўхтаб туриш жойларидан фойдаланганлик учун автоматлаштирилган тўлов тизимини жорий этиши;
пулли тўхтаб туриш жойлари ташкил этилган ҳудудда йўл белгилари ўрнатилишини, шунингдек видеокузатув тизимлари ёки қўриқлашнинг бошқа техник воситалари ўрнатилиши ва узлуксиз ишлашини таъминлаши;
тўхтаб туриш жойининг кириш ёки ундан чиқиш жойига туташ бўлган тўхтаб туриш жойлари орасидан ногиронлиги бўлган шахслар бошқарадиган ёки уларни ташийдиган транспортлар учун жойлар ажратилишини таъминлаши шарт.
Шунингдек, қонун билан йўл эгасининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, транспорт эгаларининг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга доир мажбуриятлари ҳамда меҳнат шартномаси бўйича ишлаётган ҳайдовчиларнинг ҳуқуқлари алоҳида белгиланди.
Йўл қайси корхона, муассаса, ташкилот ёки жисмоний шахслар ихтиёрида бўлса, ўшалар йўл эгаси ҳисобланади. Йўл эгаси йўлларни қуриш, таъмирлаш ва реконструкция қилиш лойиҳаларини келишиб олиш ва тасдиқлашда, шунингдек таъмирлаш ишларини ташкил этишда иштирок этиш ҳуқуқига эга.
Транспортни ўз хизмат ёки меҳнат мажбуриятларини бажариш учун, шу жумладан транспортнинг мулкдори ёхуд бошқа эгаси билан тузилган меҳнат шартномасига ёки фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятга эга шартномага асосан бошқарувчи шахс транспорт воситасининг эгаси бўлмайди.
Транспорт эгалари:
техник жиҳатдан соз транспортдан фойдаланиши;
транспортнинг тегишли малакага эга ва тиббий кўрикдан ўтган шахслар томонидан бошқарилишига ижозат бериши;
транспортдан фойдаланиш чоғида бошқа шахсларнинг ҳаётига, соғлиғига ва (ёки) мулкига зарар етказганлик учун ўз фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишни амалга ошириши;
транспортнинг алкоголдан маст ҳолатда ёки психоактив моддалар таъсири остида ёхуд ўта чарчоқ ҳолатда бўлган шахслар томонидан бошқарилишига йўл қўймаслиги шарт.
Йўл участкалари таъмирланаётганда қатнов қисмининг кўпи билан 50 фоизи ўтиш учун ёпилиши мумкин
Қонунга кўра, йўл участкаларини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ёки таъмирлаш бўйича ишлар бажарилаётганда йўлнинг мазкур участкаларидаги қатнов қисмининг кўпи билан 50 фоизи ўтиш учун чекланиши ёки ёпилиши мумкин.
Йўл участкаларида қатнов қисмининг 50 фоизидан кўпроғини ёпиш зарур бўлган тақдирда мазкур йўл участкаларини айланиб ўтиш таъминланиши керак.
Тўхтаб туриш жойларини ташкил этишда экологик хавфсизлик ҳисобга олинади
Қонунга мувофиқ, кўп квартирали уйларга туташ ҳудудлар чегараларида тўхтаб туриш жойларини қуришга оид қарорлар ҳокимликлар томонидан қабул қилинади. Тўхтаб туриш жойларини жойлаштириш экологик хавфсизликни таъминлаш ҳамда атроф-муҳитга, аҳолининг соғлиғи ва осойишталигига салбий таъсирни камайтириш ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилади.
Тўхтаб туриш жойларини рўйхатга олиш йўл эгаси томонидан амалга оширилади. Тўхтаб туриш жойларида ногиронлиги бўлган шахслар учун алоҳида жойлар мажбурий тартибда ажратилади.
Электромобиллар учун алоҳида жойлар ажратилади
Қонунга кўра, электрда ишлайдиган транспортлар учун алоҳида жойлар ажратилади. Бундай жойларда электр қувват манбаларига уланиш имконияти яратилиши мумкин. Тўхтаб туриш жойларидан фойдаланишга монелик қиладиган тўсиқларни ва бошқа конструкцияларни ўрнатиш тақиқланади.
Тўхтаб туриш жойларига транспортларнинг киришини, улардан чиқишини ва бу жойларда ҳаракатланишини ташкил этиш махсус ваколатли давлат органлари билан келишилган лойиҳага мувофиқ амалга оширилади.
Умумий фойдаланишдаги тўхтаб туриш жойларининг эгалари тўхтаб туриш жойларидан фойдаланиш қоидаларини ҳамма учун қулай бўлган жойларга танишиб чиқиш учун жойлаштириши шарт.
Меҳнат шартномаси бўйича ишлаётган ҳайдовчилар шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланиши керак
Қонунга кўра, меҳнат шартномаси бўйича ишлаётган ҳайдовчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
иш берувчидан ҳаракатланиш йўналиши, ташиладиган юк ҳақида, ўз ҳаёти ва соғлиғи учун мавжуд бўлган таҳдид тўғрисида, зарарли ва (ёки) хавфли омиллар таъсиридан ўзининг ҳимоя қилинишига доир чора-тадбирлар ҳақида ишончли ахборот олиш;
шахсий ҳимоя воситалари, махсус кийим-бош билан таъминланиш;
йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича шарт-шароитларни яхшилаш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқишда иштирок этиш;
ўз ҳаёти ва соғлиғига таҳдид соладиган вазиятда, ташишни рад этиш;
йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида малакасини ошириш ва касбий қайта тайёргарликдан ўтиш;
меҳнат вазифаларини бажариш чоғида ўз соғлиғига етказилган зарарнинг ўрни қопланиши;
иш берувчининг йўл ҳаракати соҳасидаги ғайриҳуқуқий қарорлари ва ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш.
Ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 6 ой ўтгач кучга киради.