ТОШКЕНТ, 25 янв — Sputnik. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Қатарнинг Маъмурий назорат ва шаффофлик идораси билан 2024-2026 йилларга мўлжалланган ҳаракатлар режаси имзоланди, дея хабар берди агентлик матбуот хизмати.
Шу кунларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбарияти ва масъул ходимларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Қатар давлатида бўлиб турибди.
Агентлик директори Акмал Бурханов Қатар давлатининг Маъмурий назорат ва шаффофлик идораси президенти Ҳамад бин Насер ал-Миснед билан учрашди.
“Учрашув мобайнида ўзаро ҳамкорлик меморандуми доирасида 2024-2026-йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар режаси имзоланди. Режа томонлар ўртасида коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш, давлат идоралари фаолияти очиқлигини таъминлаш ҳамда БМТ аксилкоррупция стандартларини миллий амалиётга татбиқ этишда мунтазам ва яқиндан тажриба алмашиш каби масалаларни ўз ичига олади”, — дейилади хабарда.
Қуйидагилар Ҳаракатлар режасининг асосий йўналишлари сифатида белгиланди:
Коррупцияга қарши курашишни тартибга солувчи қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
Давлат хизматида коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш ва фаолият очиқлигини таъминлаш бўйича тажриба алмашиш;
Спорт соҳасида ҳалоллик ва шаффофликни таъминлаш бўйича ўзаро ҳамкорлик қилиш;
Агентликнинг e-antikor платформасини такомиллаштиришда Қатар давлати тажрибасини ўрганиш.
Мулоқот якунида муҳокама қилинган ҳамкорлик йўналишларида ишларни жадаллаштиришга келишиб олинди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Ўзбекистонда Қатар амири томонидан таъсис этилган “Халқаро коррупцияга қарши курашиш бўйича юксак мукофоти”нинг тантанали тақдирлаш маросими ўтказилди. Унда мамлакат етакчиси Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон 2030 йилгача коррупцияга қарши курашиш миллий стратегиясини ишлаб чиқишини маълум қилди.
Шунингдек, Марказий Осиёда Коррупцияга қарши конвенцияни жадал амалга ошириш бўйича минтақавий платформани ишга тушириш кўзда тутилмоқда. Минтақавий платформанинг мақсади Платформа ишида иштирок этувчи мамлакатлар томонидан БМТнинг Коррупцияга қарши Конвенцияси қоидаларини янада самарали амалга оширишга кўмаклашиш, бу борада минтақа мамлакатларининг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ва ривожлантиришдан иборат.