ТОШКЕНТ, 17 окт — Sputnik.Тадбиркорлардан айрим фактларни тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтаётган ялпи мажлисда маълум қилинди.
Депутатлар айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини кўриб чиқишди.
Қонун лойиҳаси билан давлат органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва давлат ташкилотлари томонидан аҳолидан, шу жумладан тадбиркорлик субъектларидан жами 15 та фактларни тасдиқловчи маълумотлар ва ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинмоқда.
Улар ичига диплом, лицензия, рухсатнома, давлат божи, йиғимлар ва бошқа тўловлар тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар ва бошқалар киради.
“Шунга кўра, 13 та қонунга фактларни тасдиқловчи маълумотлар ва ҳужжатларни талаб қилмаслик бўйича тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда”, — дея хабар берди қуйи палата матбуот хизмати Sputnik мухбирига.
Бундан ташқари, адвокатлик тузилмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун давлат божи миқдори БҲМнинг икки бараваридан бир бараварига камайтириш бўйича ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши қуйидагилар учун ҳуқуқий асослар яратади:
давлат хизматлари сифатли кўрсатилишини таъминлаш;
турли тоифадаги давлат хизматлари кўрсатиш тизимини рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш;
идораларда фуқаролар ҳақидаги маълумотлар ягона идентификаторлар асосида сақлаш.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.