Тадбиркорларга “тайёр бизнес” шаклида ишлаб чиқариш майдонлари қуриб берилади

© Пресс-служба президента УзбекистанаШавкат Мирзиёев
Шавкат Мирзиёев  - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 18.08.2023
Oбуна бўлиш
Шавкат Мирзиёев: ҳар бир вилоятда камида 3 тадан янги саноат зоналари ташкил этилади.
ТОШКЕНТ, 18 авг — Sputnik. Ўзбекистонда тадбиркорларга “тайёр бизнес” шаклида ишлаб чиқариш майдонлари қуриб берилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти давомида маълум қилди.
"Саноат ипотекаси тизими йўлга қўйилиб, тадбиркорларга “тайёр бизнес” шаклида ишлаб чиқариш майдонлари қуриб берилади", дейилади хабарда.
Қайд этилишича, ҳар бир вилоятда камида 3 тадан янги саноат зоналари ташкил этилади.
Саноат зоналарида ишлаб чиқариш объекти ишга туширилиб, инвестиция мажбуриятлари бажарилгандан сўнг ер майдонларини хусусийлаштиришга рухсат берилади.
Саноатни ривожлантириш жамғармасидан 1 сентябрдан бошлаб:
янги лойиҳаларни молиялаштириш учун хорижий валютада 5 фоиз, миллий валютада 10 фоиз ставкада 10 йил муддатга кредитлар ажратилади;
саноат корхоналарига 1 йил муддатгача хорижий валютада 4 фоиз, миллий валютада 10 фоиз ставкада айланма маблағ тақдим этилади. Бунда, олиб келинадиган асбоб-ускуна учун 15 фоизлик аванс тўловлари ҳам жамғарма томонидан кредит қилиб берилади;
маркетинг, лойиҳалаштириш, хорижий мутахассис жалб қилиш харажатларининг 20 минг долларгача қисмига компенсация тўланади.
"Ўрта корхоналар фаолиятини кенгайтириши учун уларга янги инвестор ва брендларни жалб қилишга кўмаклашиш зарур. Шу боис, агар корхона хорижий бренд ва инвестор билан келишувга эришса, унга янги ташкил қилинган Саноат жамғармаси 25 фоизигача капиталига сармоя билан кириши мумкин бўлади", деди президент.
Тадбиркорлик жамғармаси иқтисодиётнинг яна бир драйвери бўлган хизматлар соҳасига масъул бўлади. Жамғармага салоҳиятли ўрта бизнес корхоналарига улушдор бўлиб кириш ваколати берилади.
Бунинг учун жорий йилда жамғармага қўшимча 25 миллион доллар, келгуси йилда яна 100 миллион доллар ажратилади.
Шу билан бирга жамғарма томонидан ўрта бизнес учун хорижий валютадаги кредитларга ҳам кафиллик берилади.
"Жамғарма туризм, савдо ва сервис соҳаларида “хизматлар ипотекаси” тизимини жорий қилади", дея қўшимча қилинди.
Энди меҳмонхона, ресторан, савдо комплекси, автотураргоҳ, ёқилғи шохобчаси, кемпинг каби объектларнинг тайёр лойиҳалари тадбиркорларга таклиф этилади.
Шунингдек, жамғарма тадбиркорларга хизмат кўрсатиш объекти учун ер сотиб олиш, бино-иншоотлар қуриш ва айланма маблағи учун ҳам ресурс ажратади. Бу иккита янги тизим 1 октябрдан тўлақонли ишга туширилади ва келгуси бир йилда ўрта бизнесда саноат соҳасида 2 мингта ва хизматларда 10 мингта янги лойиҳалар молиялаштирилади.
Қайд этилишича, ушбу янги имкониятлар ҳисобидан қўшимча 1 миллиард долларлик хизматлар кўрсатиш, 5 миллиард долларлик маҳсулотлар ишлаб чиқариш, 350 минг янги иш ўринларини ташкил қилиш мумкин бўлади.
Янгиликлар лентаси
0