Тадбиркорларга ўз ҳуқуқларини тўғридан-тўғри судда ҳимоя қилиш имконияти берилиши мумкин
© iStock.com / Utah778Суд
© iStock.com / Utah778
Oбуна бўлиш
Тадбиркорларнинг тўғридан-тўғри судга шикоят қилишидаги чекловлар олиб ташланмоқда.
ТОШКЕНТ, 6 сен — Sputnik. Тадбиркорлик субъектларининг тўғридан-тўғри судга шикоят қилишидаги чекловлар олиб ташланмоқда. Бу ҳақда Адлия вазирининг ўринбосари Алишер Каримов маълум қилди.
Адлия вазирлиги томонидан тадбиркорлик фаолиятига оид ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинди.
Қонун билан амалдаги 4 та қонунга ўзгартиришлар киритилмоқда:
Солиқ кодекси;
“Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги;
“Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги “Хўжалик ширкатлари тўғрисида”ги.
Мазкур ҳужжатлар тадбиркорлик субъектлари ўз ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш имкониятини чекловчи нормаларни бекор қилиш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини тартибга солишдаги айрим мажбурий талабларни қисқартиришга қаратилган.
Солиқ кодексига киритилаётган ўзгартиришлар
Солиқ кодексида солиқ тўловчилар сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилинган қарорлар устидан тўғридан-тўғри судга шикоят қилиши мумкинлиги белгиланмоқда.
Амалдаги тартибга кўра, сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилинган қарор устидан юқори турувчи солиқ органига шикоят қилингандан (шикоят кўриб чиқилганидан) кейин судга мурожаат қилиш мумкин.
Эндиликда тадбиркорлик субъектлари ўз ҳуқуқларини тўғридан-тўғри суд орқали ҳимоя қилиши ёки маъқул деб ҳисобласа, юқори турувчи солиқ органига шикоят қилиши мумкин бўлади.
© Министерство юстиции республики УзбекистанАлишер Каримов
Алишер Каримов
© Министерство юстиции республики Узбекистан
“Бунда юқори турувчи солиқ органларига шикоят қилиш имконияти сақланиб қолинади. Солиқ тўловчиларнинг солиқ органлари қарорлари устидан берилган шикоятлари юқори турувчи солиқ органлари томонидан Солиқ кодексида белгиланган тартибда, судлар томонидан эса Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексда белгиланган тартибда кўриб чиқилади”, - деди Алишер Каримов.
Қолган ҳужжатларга киритилаётган ўзгартиришлар
Қайд этилишича, тадбиркорлик субъектларининг устав фондини (устав капиталини) камайтириш тўғрисида қарор қабул қилинганда кредиторларни ёзма равишда хабардор қилиш ва оммавий ахборот воситаларида бу ҳақида эълон бериш мажбуриятларини бекор қилиш назарда тутилмоқда.
Ушбу ўзгартиришлар киритилиши натижасида юридик шахсларнинг устав фондини (устав капиталини) шакллантиришдаги бюрократик тартиблар бекор қилинишига ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун ортиқча харажатларнинг олди олинишига эришилади.
“Ушбу норма бугунги кунда амалда ишламасдан келмоқда ҳамда тадбиркорларнинг ортиқча харажатига сабаб бўлиб, бюрократик талабга айланган”, - деди Каримов.
Ушбу фактни қуйидагилар билан асослаш мумкин:
биринчидан, бирор-бир давлат органида юридик шахсларнинг кредиторлари ҳақида маълумот мавжуд эмас;
иккинчидан, юридик шахснинг уставига киритилган ўзгартиришлар давлат рўйхатидан ўтказилганида тадбиркорлар ўзларининг кредиторлари ҳақидаги маълумотларни масъул органга тақдим этмайди;
учинчидан, устав фонди камайтирилганида кредиторларни хабардор қилмаслик ёки оммавий ахборот воситаларида бу ҳақида эълон бермаслик учун ҳеч қандай таъсир чоралари мавжуд эмас;
тўртинчидан, амалиётда юридик шахслар республиканинг энг чекка ҳудудларида чиқадиган ёки энг арзон бўлган газеталарда устав фонди камайтирилганлиги ҳақида ахборот бермоқда.
бешинчидан, юридик шахсларнинг кредиторлари билан шартномавий муносабатларга киришилганда устав фонди (капитали) ёки унинг миқдори аҳамият касб этмайди;
олтинчидан, амалдаги қонунчиликка кўра юридик шахснинг устав фонди (капитали) унинг мажбуриятларни бажаришда депозит ёки кафолат сифатида қаралмайди, шунингдек қонунчиликда юридик шахснинг устав фонди (капитали)дан фаолияти давомида фойдаланишига чеклов ўрнатилмаган.