Ўзбекистонда аралаш сайлов тизимига ўтиш масаласини муҳокама қилиш бошланди

Сайлов округлари бир мандатли ва ягона сайлов округларига ажратилмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 окт — Sputnik. Партиялар Ўзбекистонда аралаш сайлов тизимига ўтиш масаласини муҳокама қилишни бошлади.
Хусусан, Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси 9 октябрь куни Сайлов кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги конституциявий қонун лойиҳаси ҳамда сайлов ва референдум ўтказиш тартибига оид еттита қонунни муҳокама қилди.
Сайлов кодексига Қонунчилик палатаси сайловини аралаш (мажоритар, пропорционал) сайлов тизими асосида ўтказиш тартибини киритиш таклиф этилмоқда. Шунда сайлов округлари бир мандатли ва ягона сайлов округларига ажратилмоқда.
"Қонунчилик палатасининг 75 нафар депутати мажоритар сайлов тизими асосида бир мандатли сайлов округларидан, қолган 75 нафари пропорционал сайлов тизими асосида, яъни сиёсий партияларга берилган овозлар бўйича ягона сайлов округидан сайланиши белгиланмоқда", - дейилган хабарда.
Шунингдек, сайлов комиссиялари тизими такомиллаштирилиб, Марказий сайлов комиссияси, ҳудудий сайлов комиссиялари, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари ва участка сайлов комиссиялари сайлов комиссиялари тизимини ташкил этиши кўзда тутилмоқда.
Бундан ташқари, Марказий сайлов комиссияси аъзолари сонини камида ўн беш нафардан тўққиз нафарга тушириш, унинг камида бир нафар аъзоси Қорақалпоғистон вакили бўлиши белгиланмоқда.
Шу билан бирга, туман, шаҳар сайлов комиссиясининг ваколатларини белгиловчи янги нормалар киритилмоқда.
Аввалроқ Ўзбекистон аралаш сайлов тизимига ўтиши хабар қилинган эди.
Маълумот учун, халқаро тажрибада сайлов тизимининг мажоритар, пропорционал ва аралаш турлари мавжуд. Шу кунгача Ўзбекистонда сайлов жараёнлари мажоритар сайлов тизимида ўтказилган.
"Ma'no" илмий ташаббуслар маркази директори Бахтиёр Эргашевнинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг мажоритар сайлов тизимидан аралаш сайлов тизимига ўтиши мамлакатда сиёсий партияларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.