ТОШКЕНТ, 4 окт — Sputnik. Октябрь охирига қадар таъмирлаш ишларини якунлаш ва Қозоғистон орқали Россия газини Ўзбекистонга етказиб беришни бошлаш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Қозоғистон энергетика вазири Алмасадам Саткалиев маълум қилди.
“Ҳозир Қозоғистон ҳудудида олиб борилаётган таъмирлаш ишлари якунланмоқда. Улар қурилиш, газни ҳисобга олиш учун алоҳида линияни ажратиш ишлари билан боғлиқ. Яқин кунларда бу ишлар якунланиши билан транзит бошлангани ҳақида эълон қила оламиз”, - деди Саткалиев. Унинг сўзларидан Sputnik Қозоғистон иқтибос келтирган.
Вазирнинг қўшимча қилишича, газ ҳажми ҳозирча келишилмоқда, Қозоғистон сўров олгандан кейин миқдорни маълум қилиши мумкин.
“Таъмирлаш ишларини октябрь охирида якунлаш режалаштирилган”, - деди Қозоғистон энергетика вазири.
Аввалроқ Ўзбекистон Энергетика вазирлиги Россия табиий газини импорт қилиш учун мамлакатда инфратузилма тайёрлаб қўйилгани ва 1 октябрдан газни қабул қилишга тайёрлигини маълум қилган эди.
Эслатиб ўтамиз, 16 июнь куни Петербург Халқаро иқтисодий форумида Россия газини Ўзбекистонга етказиб бериш бўйича шартнома ва республика газ узатиш тизимини Россия газини қабул қилишга тайёрлаш бўйича “йўл харитаси” имзоланган эди.
Ўзбекистон Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, шартнома доирасида жорий йилнинг 1 октябридан кунига 9 миллион кубометр табиий газни импорт қилиш бошланиши мўлжалланмоқда. Йиллик ҳажм эса қарийб 2 миллиард 800 миллион кубометрни ташкил этади.