ТОШКЕНТ, 22 сен — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятининг Чуст туманида юз берган болалар соғлиғи билан боғлиқ нохуш ҳолатдан қаттиқ ташвишда. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
Мирзиёев болалар тез фурсатда соғайиб кетишини тилаган.
“Давлат раҳбари бу борадаги вазият тўғрисида ахборотни мунтазам олиб бормоқда. Вилоят ҳокими ва масъулларга масалани алоҳида назоратга олиш, сабабларини аниқлаш ва тегишли таклифлар киритиш бўйича топшириқлар берилган”, - дейилган хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган вилоятида 71 нафар бола заҳарлангани ҳақида хабар қилинган эди. Вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасининг маълум қилишича, ҳозир болаларнинг аҳволи қониқарли, улардан 20 нафарининг аҳволи яхшилангани сабабли уйига рухсат берилган. Бош прокуратура бу ҳолат юзасидан текширув олиб бормоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, болалар "Антиструмин" дори воситасидан заҳарланган. Шу боис ҳозир бу доридан фойдаланиш вақтинча тақиқланган.