ТОШКЕНТ, 22 сен — Sputnik. Соғлиқни сақлаш вазирлиги “Калий йодид 1 мг (0, 001г) таблетка №100 (Антиструмин)" дори воситасидан зудлик билан фойданишни тақиқлади. Бу соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова имзолаган кўрсатма хатидан маълум бўлди.
Хат Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар Соғлиқни сақлаш бошқармалари ва "Ўзмедимпекс” МЧЖ ва “Samo” компаниясига йўлланган.
Доридан фойдаланиш лаборатория хулосалари чиққунга қадар тақиқланади.
Бу қарор Наманган вилояти Чуст туманида 71 бола, жумладан, тўққизта боғчанинг 69 нафар тарбияланувчиси ва икки нафар мактаб ўқувчисининг заҳарланишидан кейин қабул қилинган. Уларнинг заҳарланишига тарқатилган бу дори воситасини сабаб қилиб кўрсатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган вилоятида 71 нафар бола заҳарлангани ҳақида хабар қилинган эди. Вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасининг маълум қилишича, ҳозир болаларнинг аҳволи қониқарли, улардан 20 нафарининг аҳволи яхшилангани сабабли уйига рухсат берилган. Бош прокуратура бу ҳолат юзасидан текширув олиб бормоқда.
20 сентябрдан Ўзбекистонда "Ёрқин миллат" дастури бўйича йод билан таъминлаш ишлари бошланди. Йод препаратлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги орқали 3 ёшдан 15 ёшгача бўлган барча болалар учун бепул тақдим этилади. Дори ҳар чоршанба куни тарқатилади.
Йод танқислиги руҳий ва ақлий қобилиятларнинг бузилиши, интеллект пасайиш, буқоқ ривожланиши, қалқонсимон безнинг ишдан чиқиши, болаларнинг жисмоний ва ақлий ривожланишининг секинлашиши каби ҳолатларга олиб келади.