ТОШКЕНТ, 15 авг — Sputnik. Ҳиндистоннинг "IndiGo" авиакомпанияси Деҳлидан Тошкентга тўғридан-тўғри рейсларни йўлга қўймоқда, дея хабар берди "Uzbekistan airports".
Деҳли — Тошкент — Деҳли йўналиши бўйича биринчи мунтазам йўловчи рейси 6 сентябрга белгиланган.
“Рейслар шинам Airbus А320 ва А321 самолётларида ҳафтасига тўрт марта — душанба, чоршанба, жума ва якшанба кунлари амалга оширилиши режалаштирилган”, - дейилади хабарда.
"IndiGo" — бош қароргоҳи Ҳиндистоннинг Гургаон шаҳрида жойлашган ҳинд хусусий лоукостер авиакомпанияси. Компания мунтазам қатновлар ва самолётлар сони бўйича мамлакатдаги энг йирик авиаташувчи ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳиндистон авиакомпанияси сентябрдан Ўзбекистонга авиақатновлар сонини ошириши хабар қилинган эди.