ТОШКЕНТ, 11 июл — Sputnik. Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлисида президент сайловининг якуний натижалари эълон қилинди. МСК раиси Зайниддин Низамходжаев Шавкат Мирзиёев ғалабасини тасдиқлади.
"Овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг 87,05 фоиз овози билан Шавкат Миромонович Мирзиёев Ўзбекистон президенти лавозимига сайланганлиги тўғрисида қарор қабул қилинди", - дейилади МСК хабарида.
Шунингдек, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан номзод Робахон Анваровна Маҳмудовага сайловчиларнинг 4,43 фоизи, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан номзод Улуғбек Илёсович Иноятовга 4,02 фоизи ва Ўзбекистон Экологик партиясидан номзод Абдушукур Худойқулович Ҳамзаевга 3,74 фоизи ёқлаб овоз берилганлиги баённомада акс эттирилди.
Хабарномада қайд этилишига кўра, президенти сайловида сайловчилар рўйхатига киритилган фуқароларнинг 15,6 миллиондан зиёди ёки қарийб 80 фоизи овоз берган.
Эслатиб ўтамиз, 9 июль куни муддатидан илгари Ўзбекистон президенти сайлови бўлиб ўтди. Давлат раҳбари курсиси учун Экопартиядан Абдушукур Ҳамзаев, Халқ-демократик партиясидан Улуғбек Иноятов, "Адолат" социал-деморкатик партиясидан Робахон Маҳмудова, Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан (ЎзЛиДеП) амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев ўзаро кураш олиб боришди.