ТОШКЕНТ, 2 июн — Sputnik. Ўзбекистонда бу йил тест синовлари катта сиғимли биноларда ўтказилади, дея хабар берди Таълим назорати.
Давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини мувофиқлаштириш бўйича давлат комиссиясининг баёни билан тест синови ўтказиладиган бинолар рўйхати тасдиқланди.
Унга кўра 2023-2024 ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг бакалавриатига қабул қилиш бўйича тест синовлари катта сиғимли биноларда ўтказилади.
Бунда тест синовларини ўтказиш учун 92 та бино танлаб олинган бўлиб, бир сменада 44 минг нафар абитуриент тест синовида иштирок этиши мумкин бўлади.
Ушбу бинолар Билимни баҳолаш агентлиги томонидан маҳаллий ҳокимлик ва идоралар билан келишилган ҳолда танлаб олинган.
“Мазкур баёнда Агентликка маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда тест синовлари ўтказиладиган бинолар рўйхатига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ваколати берилган бўлиб, бинолар рўйхатида ўзгаришлар бўлиши мумкин”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги янги ўқув йили учун тест синовлари ўтказиладиган 92 та ёпиқ иншоот танлаб олинганини маълум қилган эди. Маълум қилинишича, тест синовларини ўтказишга мўлжалланган алоҳида биноларнинг мавжуд эмаслиги сабабли аксарият синовлар таълим муассасалари ўқув биноларида таълим жараёнига халақит қилмаслик учун ҳафтанинг дам олиш (шанба ва якшанба) кунларида ўтказилмоқда.
Шунингдек, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг тегишли буйруғи билан республика олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига мос тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси, тест топшириқлари сони ҳамда баҳолаш мезонлари тасдиқланди. Унга кўра, умумий 2023/2024 ўқув йили қабулида абитуриентларга 5 та фан бўйича жами 90 та тест топшириғи берилади. Бунда тўплаш мумкин бўлган максимал балл – 189 баллни ташкил этади.