Ўзбекистонда имтиҳонсиз талаба бўлиш йўллари ва ҳужжат топшириш шартлари қандай?

© Unsplash / John SchnobrichСтуденты во время обучения
Студенты во время обучения - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 28.05.2023
Oбуна бўлиш
Янги ўқув йили учун абитуриентлар имтиҳонсиз грант ва базавий тўлов-контракт асосида талаба бўлиш имтиёзларидан фойдаланишлари мумкин.
ТОШКЕНТ, 28 май — Sputnik. Бу йил олий таълим муассасаларига ўқишга кирувчи абитуриентлар учун 41 та имтиёз берилади. Улардан кимлар фойдаланиши мумкинлиги ҳақида Давлат ОТМларига кириш учун берилган имтиёзларнинг ягона реестрида келтирилган.
ОТМга грант асосида ўқишга киришнинг 15 та имтиёзи ҳақида Telegram-каналимизда танишинг. Обуна бўлинг ва янгиликларни кузатиб боринг.
Бу йилги қабул учун абитуриентларнинг ҳужжат топшириш жараёни 20 июндан 20 июлга қадар (шу куни ҳам) давом этади. Касбий ижодий имтиҳон топширувчи абитуриентлар эса 10 июлгача ҳужжатини топшириб бўлиши керак. Қуйида талабаликка тавсия этиладиган имтиёзларнинг айримларини келтириб ўтамиз.
Қуйидагилар имтиҳонсиз базавий тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилади:
Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек ҳамда Муҳаммад ал Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабларнинг битирувчилари (кимё, биология, физика, ва ахборот технологиялари соҳалари учун);
Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ижод мактаблари битирувчилари ( тилшунослик, адабиёт, педагогика, таржимонлик, журналистика соҳалари учун);
Заковат интеллектуал ўйини ва бошқа интеллектуал ўйинларнинг республика босқичида ғолиб бўлганлар (1-3 ўринлар);
Ички ишлар органларида уч йилдан ортиқ иш стажига эга бўлган профилактика инспекторлари (сиртқи таълим).
Қуйидагилар тегишли фан бўйича озод этилиб, маълум балл бериш учун имтиёзлар берилади:
Асосий олимпиадаларнинг республика босқичида 1-3 ўринларни эгаллаган ўқувчилар (сертификат 3 йил муддатга берилади);
Миллий ёки халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш даражалари В2 ва ундан юқори бўлган сертификатга эга абитуриентлар;
Ўзбекистоннинг мусиқа, рақс, театр, фольклор, тасвирий ва амалий санъат, дизайн йўналишлардаги республика танлови (1-ўрин), халқаро танловлар (1-3 ўрин) ғолиблари;
“Болалар спорт ўйинлари”нинг жамоавий ўйин турлари бўйича республика босқичи ғолиблари(1-ўрин);
Тегишли умумтаълим фанини билиш даражаси тўғрисида давлат намунасидаги сертификатга эга бўлган ва юқори баллнинг 60 фоизидан 85 фоизигача тўплаган абитуриентлар.
Қуйидагиларга тўплаган баллга нисбатан қўшимча балл берилади:
“Темурбеклар мактаби” битирувчилари;
Миллий гвардия Ҳарбий мусиқа академик лицейи битирувчилари.
Қуйидагиларга қўшимча квота доирасида танловда иштирок этиш бўйича имтиёзлар берилади:
Навоий, Бухоро, Самарқанд вилоятларидаги олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда тест синовлари натижалари бўйича 68 ва ундан юқори балга эга бўлган Навоий вилоятининг чўл туманлари (Конимех, Томди, Учқудуқ)да камида 3 йилдан бери яшаб келаётганлар;
Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан берилган тавсияномага эга бўлганлар;
Қуролли Кучлар сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тегишли тавсияномаларига эга бўлганлар;
Давлат органлари ва ташкилотларида мутахассислиги бўйича камида беш йил меҳнат стажи мавжуд, бироқ олий маълумотга эга бўлмаган хотин-қизлар( Оила ва хотин қизлар давлат қўмитаси томонидан тавсиянома олганлар);
Сурхондарё вилоятидаги педогогика ва тиббиёт йўналишларидаги олий таълим муассасалари;
Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирликлар ва идоралрининг хизматдаги офицерлари, контракт бўйича хизмат қилаётган сержантлар ва оддий аскарлар таркибидаги ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари;
Миллий гвардиянинг хизматдаги ҳарбий хизматчилари ҳамда ходимларининг фарзандлари;
Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашда муносиб ҳисса қўшган, хизмат ёки илмий фаолиятида юқори натижаларга эришган ички ишлар органларининг амалдаги ходимлари фарзандлари;
Божхона органларининг хизматдаги офицерлари ва сержантлар таркиби ходимларининг фарзандлари;
Меҳрибонлик уйлари ва болалар шаҳарчаларининг битирувчилари бўлган чин етимлар, SOS -болалар маҳаллалари ва оилавий болалар уйлари битирувчилари, васийликка, ҳомийликка ёки оилага тарбияга олинган етим болалар;
Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси томонидан бериладиган тавсияномага эга бўлган эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларга.
Қўшимча имтиёзлар:
Адлия вазирлиги юридик техникумлари "юриспруденция" мутахассислиги бўйича юридик кадрларни тайёрлашни амалга оширувчи давлат олий таълим муассасалари бакалавриатига тест синовларисиз якка тартибда суҳбат ўтказиш орқали қабул қилинади;
Техникумларни муваффақиятли тамомлаган битирувчилар ўз соҳасига мос бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кириш имтиҳонларисиз якка тартибдаги суҳбат орқали қабул қилинади;
Қорақалпоғистон республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг тавсиясига кўра олий маълумотга эга бўлмаган ҳоким ёрдамчилари давлат гранти асосида сиртқи таълим шаклига суҳбат асосида қабул қилинади.
ОТМга ўқишга топширишда қандай ҳужжатлар керак бўлади?
Қонунчиликка кўра, имтиёзга эга абитуриентлар, шунингдек, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва паспорт ёшига етмаганлар давлат хизматларидан фойдаланиш учун Давлат хизматлари марказларига мурожаат этади.
Абитуриент ўзи келиб мурожаат этган тақдирда, Марказ ходими абитуриент номидан, ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда эса, мустақил равишда сўровнома бўйича маълумотларни Давлат тест марказининг тизимига махсус дастур орқали электрон равишда киритади.
Абитуриент қуйидаги ҳужжатларнинг асл нусхасини тақдим этади:
фуқаролик паспорти;
паспорт ёшига етмаганлар учун туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома;
умумий ўрта таълим (11-синф негизида) ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини тугатганлиги ҳақидаги ҳужжат (иловаси билан);
Президентнинг ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида белгиланган тартибда имтиёзга эга бўлган абитуриентлар имтиёз ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат.
Ҳужжатларни қабул қилишнинг белгиланган муддатлари тугагандан сўнг сўровномага қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш қатъиян ман этилади.
Абитуриент 2023: онлайн ҳужжат топшириш тартиби қандай — йўриқнома
Абитуриентдан қўшимча ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.
Янгиликлар лентаси
0