Ўзбекистон президенти сайлови — 2023

Абдушукур Ҳамзаев Экопартиядан президентликка номзод сифатида тасдиқланди

Абдушукур Ҳамзаев ўзининг сайловолди дастури асосий йўналишларини съезд делегатлари эътиборига ҳавола қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 30 май — Sputnik.Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Экологик партиясининг навбатдан ташқари IV қурултойи бўлиб ўтди. Унда Абдушукур Ҳамзаев партиядан президентликка номзод сифатида тасдиқланди.
Партия 11 май куни Абдушукур Ҳамзаевни президентликка номзод сифатида кўрсатганди. Кейин партия президент сайловида иштирок этишга ижозат сўраб, Марказий сайлов комиссиясига ҳужжатларни топширди ва унда иштирок этиш учун ижозат олди.
Қурултойда президентликка номзод Ҳамзаев ўзининг сайловолди дастури асосий йўналишларини делегатлар эътиборига ҳавола қилди.
Номзоднинг сайловолди дастурида мамлакатда иқтисодиётни ислоҳ қилишга қаратилган бир қатор муҳим ташаббуслар илгари сурилмоқда.
Хусусан, пестицидлардан фойдаланишдан воз кечишга йўналтирилган “Яшил Ўзбекистон – 2030” дастурини ишлаб чиқиш, “Яшил виза” дастурини жорий этиш, тармоқлар ва ҳудудларнинг “яшил иқтисодиётга ўтиш индекси”ни ишлаб чиқиш, юк ташишни йирик машиналардан темир йўлларга ўзгартиришга қаратилган чоралар алоҳида эътироф этилди.
Ижтимоий соҳада давлат стоматологик клиникаларини ривожлантириш, шаҳарлар Бош режаларини тузишда камида 30 фоизли яшил майдонлар яратиш талабини мустаҳкамлаш, шаҳарсозлик фаолиятида жамоатчилик назоратини кучайтириш, норматив ҳужжатларни қабул қилишда атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш тизимини жорий этиш, бир марталик ишлатиладиган пластик ва полиетилен таркибли идишлардан фойдаланишдан босқичма-босқич воз кечиш, электрон сигаретларни мамлакатга олиб киришни тақиқлаш, 2030 йилдан бошлаб мамлакатда ички ёнув двигателли енгил автомобилларни сотишни ҳамда четда олиб киришни тақиқлаш каби эътиборга молик ташаббуслар илгари сурилди.
Дастур муҳокамаси жараёнида, шунингдек, қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилишга қаратилган таклифларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Хусусан, экологик қонунчиликни кодификация қилиш орқали Экология, Сув, Ўрмон кодексларни қабул қилиш, “Чиқиндилар тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонунни ҳамда “Аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш тўғрисида”ги дастурни қабул қилиш, экологик суғурталаш тизимини ривожлантириш, малакали юридик ёрдам ва хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, эколог-ҳуқуқшуносларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, барча тизимдаги давлат идоралари фаолиятида, тендерларда, давлат харидларида очиқлик ва шаффофликни кенгайтириш чораларини кучайтириш, маъмурий органлар томонидан жарима қўллашни қисқартириб, судларга кенгроқ ваколат бериш, йўл ҳаракати хавфсизлигини фақат қонун асосида тартибга солишни йўлга қўйиш ва бошқалар.
Давлат ва жамият қурилиши соҳасидаги таклифлар. Давлат экологик сиёсатининг устувор йўналишларини белгилашга қаратилган “Барқарор экологик ривожланиш стратегияси“ни қабул қилиш, қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш истиқболларини белгилашга қаратилган “Яшил энергетика стратегияси”ни қабул қилиш, сувдан самарали фойдаланиш ва унинг маҳсулдорлигини оширишга қаратилган Миллий дастурни ишлаб чиқиш, қатор халқаро ҳужжатларга аъзо бўлиш каби таклифлар шулар жумласидандир.
Съезд делегатлари Абдушукур Ҳамзаев номзоди ва унинг сайловолди дастурини бир овоздан маъқуллашди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ХДПдан Улуғбек Иноятов, “Адолат” СДПдан эса Робахон Маҳмудова Ўзбекистон президентлигига номзод сифатида тасдиқлангани хабар қилинган эди.
Ўзбекистонда муддатидан илгари президент сайлови 9 июль куни бўлиб ўтади.