Ўзбекистон президенти сайлови — 2023

Россия Ўзбекистонда ўтадиган президент сайловига кузатувчилар юборишга тайёр — Матвиенко

Россия ўз ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига овоз беришда иштирок этиш имкониятини таъминлаш учун ҳар томонлама ёрдам беради.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 26 май — Sputnik. Россия Ўзбекистонда ўтадиган президент сайловига кузатувчилар юборишга тайёр. Бу ҳақда Федерация кенгаши раиси Валентина Матвиенко маълум қилди.
Ўзбекистон Сенати раиси Танзила Нарбаева Россияда ўтказилаётган 10-Невский халқаро экологик конгресси доирасида Федерация кенгаши раиси Валентина Матвиенко билан учрашди.

"Президент кампаниясини кузатишда парламент аъзоларининг иштирок этишида манфаатдорлик бўлса, биз ўз вакилларимизни юборишдан мамнун бўламиз ва ҳар доимгидек, овоз бериш жараёнига профессионал, виждонан, ҳалол баҳо берамиз”, - дейди Матвиенко.

Учрашув чоғида Валентина Матвиенко Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган муддатидан илгари сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнлари юқори савияда ўтишига ишонч билдирди.
Унинг сўзларига кўра, Россия ўз ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига овоз беришда иштирок этиш имкониятини таъминлаш учун анъанавий тарзда ҳар томонлама ёрдам беради.
“Ҳозир Россияда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларига ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириши, овоз беришда иштирок этиши учун барча зарур шарт-шароитларни яратишга ваъда бераман”, — деди у.
Эслатиб ўтамиз, муддатидан илгари Ўзбекистон президенти сайлови 2023 йил 9 июль куни бўлиб ўтади. Аввалроқ Экопартия ўз етакчиси Абдушукур Ҳамзаев, Халқ-демократик партияси Улуғбек Иноятов, "Адолат" социал-деморкатик партияси Робахон Маҳмудова, Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан (ЎзЛиДеП) Шавкат Мирзиёев номзодини илгари сурган эди. МСК Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган муддатидан илгари президент сайловида иштирок этувчи сиёсий партияларнинг ваколатли вакилларини рўйхатга олган.