ТОШКЕНТ, 18 апр — Sputnik. Ўзбекистон мусулмонлари идорасида (ЎМИ) Рамазон ойи ва ҳайитини муносиб кутиб олиш, Ислом дини тартиб-қоидалари асосида ҳилолни кузатиш бўйича ишчи гуруҳ фаолият юритмоқда.
ЎМИ матбуот хизмати хабарига кўра, мазкур ишчи гуруҳнинг вакиллари мамлакатнинг турли ҳудудларида ҳамда АҚШ, Туркия, Жанубий Корея ва Россия минтақаларида ҳам кузатиш ишларини олиб бормоқда.
Таниқли уламолар ва малакали мутахассислардан иборат мазкур ишчи гуруҳ Рамазон ҳайитининг биринчи куни – Шаввол ҳилолини астрономик таҳлиллар ҳамда хорижий давлатлардаги мутахассислар билан ҳамкорлик асосида кузатишмоқда.
Таъкидланишича, ушбу ишчи гуруҳ кузатиш натижаларини Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашига тақдим этади.
Рамазон ҳайитининг биринчи куни ҳақидаги маълумотларни Уламолар Кенгаши кўриб чиқади ва тегишли хулосаларни қабул қилади.
Қайд этиш жоизки, қўшни давлатлар, хусусан, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистонда Рамазон ҳайити бу йил 21 апрель куни нишонланади. Россияда ҳам Рамазон ҳайити 21 апрель куни бўлиши расман эълон қилинган.