ТОШКЕНТ, 27 мар — Sputnik. Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида 55 та референдум участкасини тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси (МСК) Sputnik мухбирига маълум қилди.
Қайд этилишича, жумладан, Россияда 7 та референдум участкалари тузиш таклиф этилмоқда. Хориждаги референдум участкалари 14-Тошкент шаҳар референдум округига бириктирилади.
Хабарда референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлардан кузатувчилар, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари қатнашиш ҳуқуқига эгалиги эслатилган. Уларни МСК аккредитациядан ўтказади.
Ўзбекистонда 30 апрель куни Конституция бўйича референдум ўтказиш режалаштирилган. Референдумда муддатидан олдин овоз бериш жараёни 19-26 апрелда бўлиб ўтади.