Си Цзиньпин халқаро ташриф учун нега биринчи Россияни танлади?

Хитой раҳбари Мишустин билан танишганидан хурсандлигини билдириб, пандемия туфайли сўнгги йилларда ташрифлар имконсиз бўлганини таъкидлади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 мар — Sputnik. Хитой раиси Си Цзиньпин қайта сайланганидан кейинги илк халқаро ташриф учун Россияни тарихий мантиқдан келиб чиқиб танлади. У бу ҳақда Россия бош вазири Михаил Мишустин билан учрашувда маълум қилди.
“Биз Хитой раҳбарининг хорижий ташрифининг биринчи бекати сифатида Россияни танладик. Бу тарихий мантиққа тўғри келади. Чунки биз бир-биримизга энг йирик қўшни давлатлармиз, шунингдек, ҳар томонлама стратегик ҳамкорлармиз”, - деди у.
Хитой раҳбари “дўстона Россия”га ташриф буюрганидан ва Мишустин билан танишганидан хурсандлигини билдириб, пандемия туфайли сўнгги йилларда ташрифлар имконсиз бўлганини таъкидлади.
У Россия ҳукумати раҳбарига Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгашининг янги бош вазири Ли Цян билан ҳамкорликни йўлга қўйиш учун имкон қадар тезроқ Хитойга ташриф буюришни таклиф қилди.
Ўз навбатида Мишустин Си Цзиньпинни қайта сайлангани билан табриклади ва Хитой раҳбарининг икки давлат ўртасидаги дўстлик ва шериклик муносабатларини ривожлантиришга қаратаётган алоҳида эътибори учун миннатдорлик билдирди. У Си Цзиньпиннинг қайта сайланганидан кейин илк хорижий ташрифини Россияга амалга оширгани муҳимлигини таъкидлади.
“Бу янги даврга кираётган Россия-Хитой муносабатларининг ўзига хос хусусиятидан далолат беради”, - деди Мишустин.
Шунингдек, у Ли Цянни юқори лавозимга тайинлангани билан табриклашни сўради ва улар ҳамкорликда конструктив ишларни йўлга қўйишларига ишонч билдирди.
Си Цзиньпин бир кун аввал давлат ташрифи билан Москвага келди. Кеча у Кремлда президент Владимир Путин билан норасмий учрашув ўтказди, бугун эса расмий музокараларбўлиб ўтади. Ташриф 22 мартга қадар давом этади.
Си Цзиньпин давлат раҳбари сифатида 2013 йилдан бери Россияга саккиз марта ташриф буюрди, бу бошқа мамлакатлардан кўп. Умуман олганда, сўнгги ўн йил ичида Владимир Путин ва Си Цзиньпин турли форматларда 40 мартадан ортиқ учрашган.