Улуғбек Қосимов расман Сурхондарё вилояти ҳокими этиб тайинланди

Қосимов 2022 йил декабрь охиридан буён Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи лавозимида ишлаб келаётган эди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 мар — Sputnik. Улуғбек Қосимов расман Сурхондарё вилояти ҳокими этиб тасдиқланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Президент Шавкат Мирзиёев Термиз шаҳрида халқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгаши сессиясида Қосимов номзодини Сурхондарё вилояти ҳокими лавозимига таклиф қилди. Қосимов 2022 йил декабрь охиидан буён вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи эди.
“Вилоят депутатлари ва фаоллари билан маслаҳатлашиб, вилоят ҳокими вазифасини бажариб келаётган Қосимов Улуғбек Бердиқобилович номзодини бу лавозимга таклиф қиламан. Улуғбек Қосимовга берилган қисқа вақт ва имконият Сурхондарёдаги вазият ва аҳоли ташвишларини чуқур ўрганиш учун етарли, деб ҳисоблайман”, — деди давлат раҳбари.
Номзоднинг вилоятда аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш, қишлоқ хўжалиги ва саноатни ривожлантириш, ижтимоий соҳадаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича режалари эшитилди ва муҳокама қилинди.
Сўнг Сурхондарё вилояти ҳокимини тайинлаш масаласи овозга қўйилди. Овозга қўйиш натижаларига кўра, Улуғбек Қосимов Сурхондарё вилоятининг ҳокими этиб тасдиқланди.
Улуғбек Қосимов 1983 йилда туғилган, маълумоти олий, ҳуқуқшунос. 2005 йилда Самарқанд давлат университетини тамомлаган. У фаолияти давомида Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани прокурори, Музработ ва Денов туманлари ҳокими, вилоят прокурори сифатида ишлаган. 2019-2021 йилларда Фарғона вилояти прокурори бўлган. 2021-2022 йилларда Тошкент шаҳар прокурори бўлиб меҳнат қилган. 2022 йил декабрь охирида Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчиси этиб тайинланганди.