ТОШКЕНТ, 7 июн — Sputnik, Дилшода Раҳматова. Тожикистон билан ҳамкорликда биронта соҳада чекловлар қўймаганмиз, деди журналистлар билан учрашувда Ўзбекистон президенти матбуот-котиби Шерзод Асадов.
Шерзод Асадовнинг маълум қилишича, президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга расмий ташрифи 10-11 июнь кунлари амалга ошади ва Ўзбекистон ушбу ташрифдан кўп натижаларни кутмоқда.
"Тожикистон билан туманлараро ҳамкорлик орқали ўзаро алоқаларнинг мутлақо янги босқичига чиқмоқдамиз ва, умид қиламизки, бу янги амалиёт самарали бўлади ҳамда яқин келажакда ўз натижаларини беришни бошлайди. Умуман олганда, ушбу ташрифдан кўп натижаларни кутмоқдамиз, салмоқли ҳужжатлар тўплами тайёрланган ва улар ўзаро савдо алоқаларимиз янада ривож топишига замин яратади", - дея қайд этди президент матбуот-котиби.
Асадовнинг сўзларига кўра, асосий музокаралар ташрифнинг биринчи куни Душанбе шаҳрида бўлиб ўтади.
Ташрифнинг иккинчи кунида Хўжанд шаҳрида қатор тадбирлар режалаштирилган.
Аввалроқ Душанбе шаҳрида Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин билан олий даражадаги ташриф чоғида имзоланиши режалаштирилган икки томонлама ҳужжатлар ва ҳукуматлараро битимларни ишлаб чиқишнинг боришини муҳокама қилган эди.
Ўзбекистон ва Тожикистон етакчилари мамлакатлар ўртасида ўзаро товар айрибошлашни бир миллиард долларга чиқаришни мақсад қилганлар. Ўтган йил пандемия шароити ва бунинг оқибатида юзага келган маълум қийинчиликларга қарамай, икки давлат ўртасидаги товар айрибошлаш 500 миллион долларга етказилган ва бугунги кунда Ўзбекистонда 200га яқин ўзбек-тожик қўшма корхоналари фаолият юритиб келади.