ТОШКЕНТ, 22 дек - Sputnik, Дилшода Раҳматова. Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида куни кеча, 21 декабрь куни, Россиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Владимир Тюрденевнинг маҳаллий ва хорижий ОАВ вакиллари билан якуний матбуот-анжумани ўтказилди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистондаги Россия элчихонаси ва Россотрудничество ваколатхонаси вакилларининг ўзбек оммавий ахборот воситалари ходимлари билан Янги йил арафасидаги учрашуви аллақачон анъанага айланган. Бундай учрашувларда тугаб бораётган йил якунларига тўхталиб, Россия-Ўзбекистон ўртасида йил давомида рўй берган энг ёрқин воқеалар муҳокама қилинади ва журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олишлари мумкин бўлади. Коронавирус пандемиясига қарамай, ушбу анъанага бу сафар ҳам содиқ қолинди.
"Дўст бошга кулфат тушганда билинади"
Элчининг таъкидларига кўра, Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги олий даражадаги дўстона, самимий мулоқот барча йўналишларда: сиёсатдан тортиб, иқтисодгача, энергетика соҳасидан маданий соҳаларда кенг форматда иккиёқлама ҳамкорликни ривожлантиришга куч бермоқда. Ҳатто жаҳонда авж олган пандемия ҳам икки давлат ўз президентлари томонидан стратегик шерикликни кучайтириш ва икки ёқлама алоқаларни максимал диверсификация қилиш борасида белгилаб олинган йўлдан қайтмадилар.
Аксинча, умумий кулфат туфайли мамлакатлар ўртасидаги қардош алоқалар янада кўзга ташланди. Россия энг биринчи бўлиб Ўзбекистонга коронавирусни диагностика қилувчи тест-тизимларини мутлақо беғараз асосларда етказиб берди, россиялик шифокорлар ва Роспотребнадзор мутахассислари эса "қизил зоналарда" ўзбек ҳамкасблари билан елкама-елка туриб фидокорона меҳнат қилдилар ва касалхоналар ҳамда республика клиникаларидаги инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш учун курашдилар.
Аммо бу бир томонлама йўл эмасди. Тошкент ҳам иккала давлат учун мураккаб бир шароитда Москвага индивидуал ҳимоя воситалари ортилган бир нечта партия инсонпарварлик ёрдамини бериб юборди. Россия элчиси шуларни ёдга олар экан, Ўзбекистон томонига бу учун яна бир карра миннатдорлик билдирди.
Мирзиёевнинг Россияга ташрифи нега ортга сурилди?
Тюрденевнинг маълум қилишича, пандемия туфайли қатор муҳим тадбирлар: хусусан, президент Шавкат Мирзиёевнинг Россияга ва бош вазир Абдулла Ариповнинг Москвага режалаштирилган давлат ташрифларини ортга сурилган. Арипов ташрифи давомида қўшма комиссиянинг иккиёқлама ҳамкорлик бўйича 2-йиғилишини ўтказиш кўзда тутилган эди.
"Бошқа томондан олиб қараганда, бу бизга ушбу тадбирлар давомида имзоланиши кўзда тутилган кенг кўламдаги ҳужжатлар пакети устида янада синчковлик билан ишлаш имкониятини яратади", - деб таъкидлади Россия элчиси.
Аммо шундай оғир шароитларда ҳам икки давлат раҳбарлари юзма-юз учрашиш имкониятини топдилар - 24 июн куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Россия президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан, Улуғ Ватан урушидаги ғалабанинг 75 йиллигини хотирлаш учун Қизил майдонда бўлиб ўтган ҳарбий парадда қатнашди.
"Албатта, Буюк Ғалаба юбилейи бу йил халқларимизни бирлаштирган энг муҳим ришта бўлди. Москвадаги учрашувда Шавкат Миромонович Владимир Владимировични 9 май куни Тошкентда очилган, Ўзбекистон президентининг совет халқи хизматига бўлган чуқур шахсий муносабатини акс эттирувчи муҳташам Ғалаба боғига ташриф буюришга таклиф этди. Ёдгорлик мажмуаси экспозицияси билан танишиш шарафига муяссар бўлдим ва тан оламан, у менда унутилмас таассуротлар қолдирди. Мени наздимда, янги боғ, энг аввало ёш авлод учун - виждонга мувофиқ яшаш, ҳақиқат ва адолат чўққисини сақлаш, бу қадриятларни ўз фарзандлари ва набираларига етказишда ориентир бўлиб хизмат қилади", - деди Тюрденев.
ЕОИИ: чуқурроқ фикрлаш фурсати келди
11 декабрь куни Евроосиё иқтисодий иттифоқи саммити давомида Ўзбекистонга ташкилотда кузатувчи-давлат мақоми берилиши мамлакат ҳаётида муҳим воқеага айланди. Дипломат Ўзбекистоннинг ЕОИИга кузатувчи мақомида қўшилишига изоҳ берар экан, скептиклар ҳавотирларини йўққа чиқарди.
Элчи таъкидига кўра, кузатувчилик мақоми бу ўтиш даври бўлиб, мамлакатга истиқболдаги интеграллашув бўйича позициясига аниқлик киритиб олиш ва ижобий қарор қабул қилинадиган тақдирда, унга тайёргарлик кўриш имконини беради.
Тюрденевнинг айтишича, кузатувчи мақомида Ўзбекистон иттифоқнинг тўлақонли аъзолари эга бўлган бирорта имтиёзга эга бўлмаса-да, аммо бу Тошкентга ЕОИИни ички томондан ўз иқтисодиёти учун бирорта мажбурият ёки хатарларсиз ўрганиш учун кўпроқ имконият беради.
"Ҳа, республикада овоз бериш ҳуқуқи йўқ, худди савдо имтиёзлари бўлмагани сингари. Аммо мамлакат учун ўз иқтисодиётига зарарлар ҳам йўқ бунда. Бу ўз танловига янада синчковлик билан қараш ва ўз танловини амалга ошириш учун имконият. Аммо, агар вазиятга баҳо берадиган бўлсак, Ўзбекистоннинг асосий товар айланмаси айнан ЕОИИ давлатларида мужассамлашган, муҳим траспорт магистраллари Иттифоқ ҳудудидан ўтади, миграция масаласи ҳақида эса гапирмаса ҳам бўлади. Аммо, нима бўлган тақдирда ҳам бу тезкор жараён эмас, бу шунчаки биринчи қадам", - деб таъкидлади Тюрденев ЕОИИга кузатувчи сифатида қўшилиш Ўзбекистонга қандай имтиёзлар беради, деган саволга жавобан.
Дипломат шунингдек, ушбу воқеадан кейин айрим скептиклар томонидан "ЕОИИга интеграллашувдан сўнг мустақиллик бой берилади", дея билдирилган гап-сўзлар реал кўрсаткичлар фонида жуда кулгили эканлигини қўшимча қилди.
"Иттифоққа қўшилган бирорта давлат ўз мустақиллигини йўқотмаган, бой бермаган, аксинча, у янада кўпроқ имкониятларга эга бўлган. Бундан ташқари, бу тенгҳуқуқли иттифоқ бўлиб, у ёки бу иштирокчининг кўламидан қатъи назар барча учун шартлар баробардир", - деб қўшимча қилди Владимир Тюрденев.
На Россия, на ЕОИИнинг бошқа аъзолари янги аъзоларнинг интеграллашуви уларнинг иқтисодиёти ва ишлаб-чиқариш жараёнларига у ёки бу тарзда салбий таъсир кўрсатишидан манфаатдор эмас, дея ишонтирди дипломат. Бу сингари минтақавий лойиҳаларга қўшилиш - иттифоқ аъзолари онгли равишда амалга оширадиган муросалар мажмуидир.
"Хусусан, ЕОИИ - бу фақатгина Россия эмас, балки ўз иқтисодий шартларига эга бўлган яна бир нечта давлатлардир. Дейлик, Қирғизистонни оладиган бўлсак, у ЕОИИга қўшилганда, унинг иқтисодиёти даражасини Ўзбекистон билан таққослаш анча мушкул эди. Демак, бу босқичда ҳамма бир нарсани: яъни ҳар қайси томон манфаат кўриши керак бўлган бундай интеграллашувдан нима олишлари мумкинлиги борасида аниқ тушунчага эга бўлишлари керак", - дея хулоса қилди Тюрденев.
Ўзбекистон ва рус тили: ёшлар орасида қизиқиш тобора ортмоқда
Ўзбекистонлик талабалар - Россия ОТМларида таҳсил олаётган ёшлар орасида етакчи ўринларни эгалламоқда. Уларнинг сони бугун 30 мингдан ошган. Ўтган саралаш кампаниясида ҳукумат томонидан берилган 228 ўринли квоталарга 4 000 дан ортиқ киши даъвогарлик қилган, бу эса квоталар сони кўпайтирилиши лозимлигига ишора қилмоқда. Ҳозирги кунда ушбу йўналишда ишлар олиб борилмоқда, деди Тюрденев.
Шу билан бир қаторда, Ўзбекистонда Россия олий таълим муассасалари филиаллари сони ҳам йилдан-йилга ортиб бормоқда. М.В.Ломоносов номидаги МДУ, Г.В.Плеханов РИУ, И.М.Губкин номидаги нефт ва газ РДУ, МИФИ, МИСиС, МГИМО ва бошқа таниқли Россия ОТМлари қатори яқинда А.И.Герцен номидаги ПДУ ва Россия халқлар дўстлиги университети ваколатхонаси билан кенгайди.
Россия таълими оммалашуви билан бир қаторда Ўзбекистонда рус тилини ўрганишга бўлган қизиқиш ҳам тобора ортмоқда.
"Шу муносабат билан рус тилида таълим сифатини оширишга қаратилган узоқ муддатли "Класс" лойиҳасининг бошланишини жуда долзарб лойиҳа деб биламан. У Россия Таълим вазирлиги ва Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги ҳамкорликдаги ҳаракатлари ва россиялик бизнесмен ва меценат Алишер Усмоновнинг "Санъат, фан, спорт" хайрия фонди молиявий қўллаб-қувватлови асосида амалга оширилмоқда. Ушбу дастур доирасида россиялик мутахассисларнинг илк гуруҳи республиканинг 14 та регионида педагогларни ва ўқувчиларни дастлабки синовлардан ўтказдилар", - деди Тюрденев.
2021 йилдан бошлаб россиялик ўқитувчилар гуруҳлари (йилига 100 кишидан) Ўзбекистон мактабларига мунтазам равишда юборилади. Лойиҳа доирасида жами 30 минг маҳаллий педагоглар турли шаклдаги ўқувлардан ўтадилар.
Тилни билиш борасида тўсиқларнинг мавжуд эмаслиги илм-фан соҳасида ҳамкорлик учун яхши истиқболларни очади.
Россия ва Ўзбекистон ёш олимларининг 15 та тасдиқланган йўналиш бўйича қўшма тадқиқотлари дастурини амалга ошириш тўғрисидаги битимни имзолаш жараёни якуний босқичда турибди. Космик маконни тинч мақсадларда ўрганиш ва улардан фойдаланиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битим матнини келишиш бўйича ишлар якунланган. Ҳужжат яқин истиқболда олий даражада бўлиб ўтадиган учрашувлар вақтида имзоланиши кутилмоқда.