ТОШКЕНТ, 8 июл - Sputnik. Сибир федерал университети (СФУ) - Россиянинг Осиё қисмидаги энг йирик университети бўлиб, у мамлакатнинг энг яхши университетлари йигирматалигидан ўрин олган. СФУ юзлаб рус ва чет эл компаниялари билан ҳамкорлик қилиб, иш берувчилар томонидан битирувчиларга бўлган талаб бўйича Россиянинг ўнта энг яхши университетларидан бири ҳисобланади.
Бугунги кунда университетда 30 мингдан ортиқ талаба таҳсил олмоқда, шу жумладан, дунёнинг 52 мамлакатидан (МДҲ, Яқин Шарқ, Африка, Европа, Лотин Америкаси, Осиё, Океания) мингдан ортиқ чет эллик талабалар, тингловчи ва стажёрлар.
Хорижий талабаларнинг 35 нафари ўзбекистонликлар: 27 нафари бакалавр ёки мутахассислик бўйича асосий ўқув дастурларини эгалламоқда, 7 нафари магистратурада ва бир нафари аспирантурада. Иқтисодиёт, менежмент ва нефт-газ иши каби йўналишлар ўзбекистонлик талабалар орасида катта қизиқиш уйғотмоқда.
Хорижий фуқароларни қабул қилиш тафсилотлари билан университет сайтида батафсил танишиш мумкин.
Ватандошлар тоифасига кирувчи (ота-оналари СССРда туғилган) Ўзбекистон фуқаролари Россия фуқаролари билан бир қаторда бюджет ўрни учун танловда қатнашишлари мумкин. Бундан ташқари, чет эллик абитуриентлар пуллик таълимни танлаб исталган йўналишга киришлари мумкин. Чет элликларни қабул қилиш тафсилотлари - университет порталида.
Қабул пайтида ва ўқиш мобайнида қўллаб-қувватлаш
Чет эллик абитуриентлар ўқишга киришда имтиёзларга эга: университет уларга ўқиш жойига етиб бориш харажатларини қоплаб беради ва тиббий суғурта олиб беради, юқори балл тўплаганлар учун эса ўқиш нархларида чегирмалар тақдим этилади. Бу ҳақда СФУ Халқаро ҳамкорлик бўлими раҳбари Анна Мезит маълум қилди.
“Бизнинг фахримиз бу университет инфратузилмаси: 24 та ўқув биноси, кўркам замонавий кутубхона, конгресс зали, кўп тармоқли спорт мажмуаси, тиббиёт маркази. Сўнгги беш йил ичида кампусда тўққизта ётоқҳона биноси қурилди. Бугунги кунда СФУ ётоқ фонди 11,5 минг талабани қабул қилишга қодир 30 та ётоқхонани ўз ичига олади, бу бошқа шаҳарлик ва чет эллик талабаларнинг уй-жойга эҳтиёжларини тўлиқ қоплайди”, - деди у.
Анна Мезитнинг таъкидлашича, СФУ хорижий талабаларни қўллаб-қувватлаш билан фаол шуғулланади. Ходимлар уларга кўп масалаларни ҳал қилишда ёрдам беришади, масалан, қиш учун иссиқ кийимларни танлаш, банкка ёки шифокорга биргаликда бориш.
“СФУ кўнгиллилар маркази чет эллик талабалар учун экскурсиялар ўтказади, уларни рус маданияти билан таништиради, суҳбатлар клубини ташкил қилади. Бизнинг ўз Халқлар дўстлик марказимиз бор - бу чет эл фуқароларининг талабалар уюшмаси бўлиб, у барча мослашув тадбирларини ўтказади. Аммо асосийси - дўстлик ва бир-бирига ғамхўрлик. Баъзан менга талабаларимиз уюшмалари бир оила каби яшаётганга ўхшайди”, - деди у.
СФУда чет эллик талабалар учун тайёрлов бўлими мавжуд бўлиб, унда талабалар рус тилини ўрганишлари мумкин. Ҳар йили СФУнинг Филология ва тил коммуникациялари институтига турли мамлакатлардан кўплаб талабалар тил амалиётини ўташ учун келишади. Бу ерда “лингвистика” ва “филология” йўналишлари бўйича бакалавр ва магистратура дастурларида тилни профессионал равишда ўрганиш мумкин.
“Барча чет эллик биринчи курс талабалари учун университетда рус тилида бепул мослашув курси ташкиллаштирилган: талабалар илмий нутқ услубини мустаҳкамлайдилар, грамматикани такрорлайдилар”, - деб қўшимча қилди Анна Мезит.
Унинг сўзларига кўра, СФУнинг барча чет эллик битирувчилари ўз ватанларида осонгина иш топишади: улар таржимон, муҳандис, иқтисодчи ва бошқа мутахассисликларда ишлайди.
“Кўпинча собиқ талабаларимиз бизнинг мамлакат ва ўз мамлакатлари ўртасидага ўзаро ҳамкорлик ўрнатиш билан шуғулланадилар. Уларни кўп йиллардан кейин улғайган, муваффақиятли бўлганларида кўриш жуда ёқимли”, - деди у.
Тажрибада синалган
Тошкент давлат иқтисодиёт университети бакалавр дастурини тамомлаган Шаҳзод Шоймардонов СФУга “саноат мажмуалари молиясини бошқариш” мутахассислиги бўйича магистратурага ўқишга келган ва у биринчи йилини муваффақиятли якунлади.
“Мактаб йилларидаёқ мен иқтисодиёт ва унинг таркибидаги жараёнлар билан қизиқиб қолдим. Бу соҳа шунчалар ўзгарувчан ва қизиқарлики, у мени ҳар доим ҳушёр туришга ва вақтдан олдин ўйлашга ундайди. Илмий муҳитда ривожланишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйдим, шунинг учун ўқишни Россияда давом эттиришга қарор қилдим. Айнан Россия юқори малакали кадрларни шакллантирадиган илм маскани деб ҳисоблайман”, - деди у.
Ўқишдан ташқари Шаҳзод илмий ва жамоат лойиҳаларида фаол иштирок этади. Россияда ўқиши мобайнида иқтисодиёт ва бошқарув соҳасидаги ютуқлари учун у Гадаловлар сулоласи номидаги Ўлка стипендияси совриндори бўлди, Красноярск шаҳар халқ депутатлари Кенгаши Ёшлар мажлисига сайланиб, “СФУ йил талабаси” унвонига сазовор бўлди.
“Менга университетда дўстлар орттириш жуда осон кечди, курсдошларим ажойиб, меҳрибон, ақлли ва кўп қиррали шахслардир. Бизнинг машғулотлардаги илмий мунозараларимиз шунчалар қизиқарлики, дарсда вақтимиз тез ўтганини сезмай ҳам қоламиз. Эҳтимол, менга омад кулиб боқди ва мен улар билан келажакда ҳам алоқада бўлишни хоҳлайман. Мен бу ерда ҳар бир талабага нисбатан алоҳида муносабат ва индивидуал ёндашувни кузатаман. Мен таълимни Россияда танлаганимдан ҳеч афсусланмайман,” - деди у.
Шаҳзод Шоймардонов Росфинмониторинг ва Ўзбекистон Бош прокуратураси ўртасидаги давлат шартномаси асосида таҳсил олмоқда ва ўқишни тугатгандан сўнг Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик соҳасида ишлашни режалаштирмоқда.
Университетга сиртдан назар
СФУ кенг қамровли таълим йўналишларига эга бўлган кўп тармоқли университетдир. Бу ерда 90 бакалавр ва мутахассислик дастурлари, шунингдек, 144 магистрлик дастурлари бўйича ўқиш мумкин. Университетда ўқув дастурлари рус ва инглиз тилларида олиб борилади.
СФУда икки мингдан ортиқ малакали ўқитувчилар ишлайди, улардан 1833 нафари фан докторлари ва номзодларидир. Ҳар йили университетга 400 дан ортиқ таклиф этилган профессорлар, шу қаторда Англия, Германия, Испания, Хитой, АҚШ ва бошқа мамлакатларнинг етакчи олимлари ташриф буюришади.
Университет юқори малакали кадрларни тайёрлайди ва инновацион технологияларни яратади. ОТМ илмий лойиҳалари саноат технологиялари, йўлдош тизимлари, нанотехнология ва кенг кўламли инвестицион лойиҳаларини экологик таъминлаш билан боғлиқ.
СФУ - Россиядаги дунёдаги энг таниқли ихтисослаштирилган ўқув муассасаси - Institut Paul Bocuse билан келишув асосида "Гастрономия олий мактаби" ноёб дастурини амалга оширадиган ягона олий ўқув юрти. Бўлажак битирувчилар – уста ошпазлар, менежмент бўйича Россия дипломини ва Institut Paul Bocuse халқаро дипломини олишади.
Ҳозирги вақтда СФУ Ўзбекистоннинг олтита университети билан ҳамкорлик қилмоқда, икки томонлама илмий тадбирларда қатнашмоқда. Университетга Ўзбекистон Республикасининг элчихонаси ва консулликлари делегациялари ташриф буюришади.
СФУ Times Higher Education (THE) ва Quacquarelli Symonds (QS) рейтинг агентликларининг дунёнинг энг яхши 1000 та университети қаторига киради, шу жумладан физика ва муҳандислик фанлари бўйича 801+ ўринини эгаллайди. Шунингдек, СФУ бешта етакчи миллий рейтинг агентликларининг Россиянинг энг яхши 20 университети қаторига киради.