ТОШКЕНТ, 15 мар — Sputnik. Тошкентда Санкт-Петербург давлат университетининг МДҲдаги биринчи филиали ташкил этилади. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Таъкидланишича, Ўзбекистон делегацияси Санкт-Петербург давлат университетига ташриф буюрган. Ташрифдан кўзлаган асосий мақсад икки давлат олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш бўлиб, хусусан, Ўзбекистонда Санкт-Петербург давлат университетининг филиалини ташкил этиш бўйича музокаралар олиб борилган.
“Музокаралар натижасида Олий ва ўрта махсус таълим вазирилиги ва Санкт-Петербург давлат университети ўртасида Тошкентда Россиянинг нуфузли университети филиали фаолиятини йўлга қўйиш бўйича англашув меморандуми имзоланди”, - дейилган хабарда.
“Бугун Ўзбекистонда жаҳоннинг яна бир нуфузли университетларидан бирининг филиалини ташкил этиш бўйича келишувга эришдик. Янги филиал биотиббиёт ва шарқшуносликка ихтисослашади. Биотиббиёт – биз учун янги таълим йўналишидир. Филиалда кимё, биология, физика ва бошқа фанлар бўйича илғор фанлараро тадқиқотлар олиб борилади ҳамда бу жараёнга Ўзбекистоннинг етакчи тиббиёт ва фармацевтика компаниялари фаол жалб қилинади”, - деди Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Узоқбой Бегимқулов.
Ташриф давомида, шунингдек, Тошкент давлат шарқшунослик институти ва Санкт-Петербург давлат университети ўртасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришни кўзда тутган англашув меморандуми ҳам имзоланди.
Санкт-Петербург давлат университети Россияда ташкил этилган биринчи (1724 йил) университет ҳисобланади. Университет 9 нафар Нобель мукофоти лауреати, 6 нафар мамлакат бош вазири ва Россия Федерациясининг 2 нафар президентини тайёрлаган олий ўқув юрти саналади.