ТОШКЕНТ, 22 дек — Sputnik. Россия ва Ўзбекистон ўзбекистонлик талабалар учун Россия олий таълим муассасаларида квоталар сонини ошириш устида иш олиб бормоқда. Бу ҳақда Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Владимир Тюрденев маълум қилди.
“Бўлиб ўтган саралаш кампаниясида Ўзбекистон учун ҳукумат квотасининг 228 та ўринига 4 мингдан ортиқ номзод ариза топширган, бу эса квотани ошириш зарурлигидан далолат беради. Биз бу йўналишда тегишли ишларни амалга оширяпмиз”, - деди Тюрденев Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида. Унинг сўзларидан Sputnik мухбири келтирмоқда.
Элчининг маълум қилишича, бугунги кунда Россия ОТМларида 30 мингдан зиёд ўзбекистонлик талаба таҳсил олмоқда. Умуман олганда, Россияда Ўзбекистон бу кўрсаткич бўйича хорижий давлатлар орасида етакчилик қилмоқда.
Шунингдек, Тюрденев Россия ОТМларининг Ўзбекистондаги филиаллари тармоғини изчил кенгайтириш масаласига ҳам эътибор қаратди. Хусусан, яқинда Тошкентда Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети филиали ва Россия халқлар дўстлиги университети (РУДН) ваколатхонаси очилди.
Элчи РУДН Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари ўртасидаги келишувга асосан мигрантларни ўқитиш учун қўшимча умумтаълим дастурларини олиб бораётганини эслатди.