Норбоева яратилаётган иш ўринлари, туркман аёллари билан бизнес ва кучли бўлиш сири ҳақида

Ўзбекистон аёллари етакчиси Танзила Норбоева сўзларига кўра, бугунги кунда ўзбек аёллари орасида фаоллашув кузатилмоқда. Кечаги "журъатсизлик" уларни секин бўлса-да, тарк этмоқда. Бунинг боиси эса янги раҳбар бошчилигида улкан ислоҳотлар майдонига айланган Ўзбекистонда аёлга бўлган эътибор ва муносабатнинг тубдан қайта кўриб чиқилишида
Sputnik

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси, Бош вазир ўринбосари Танзила Норбоеванинг сўзларига кўра, бугунги ёшлар кечагилардан кескин фарқ қилади. Уларда оила қуриш борасида янгича тенденция пайдо бўлган. Бугунги ёшлар оила қуриш борасида шошмашошарликка камроқ йўл қўймоқда.

Норбоева сиёсат ва аёллар, зўравонликка қарши қонун ҳамда ўзгараётган никоҳ ёши ҳақида

- Танзила Камаловна, суҳбатимиз давомида ўзбек аёллари орасида фаоллашув кузатилаётганини айтдингиз. Улар бугун бандликни, карьерани танлаётган экан, фарзанд кўриш даражасида пасайиш кузатилмаяптими?

- Ҳа, бу кўрсаткич пасаймоқда. Биласизми, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасида фаолият юритганимда, 1995-йилдан 2000-йилгача иш олиб борганмиз, ўша вақтда чақалоқлар туғилиши кўрсаткичида кескин юқорилаш кузатилганди. Аёллар, ҳатто фарзандини кейинчалик таъминлаб бера олиш-олмаслигини ўйламаган ҳолда дунёга келтирарди. Ва бундай болалар керакли таълимни, қўшимча қандайдир машғулотларни, улар пуллик бўлгани учун ололмас эди. Қолаверса, озиқ-овқат масаласи ҳам муаммо бўларди...

Ҳозирга келиб, ҳаётнинг ўзи болага кўпроқ "инвестиция" киритишни талаб этмоқда. Ва Ўзбекистондаги ёш оилалар фарзанд кўриш, уларнинг сони борасида кўпроқ ўйлашни бошлади. Бугунги кунда 7 нафар фарзандни дунёга келтирган оилаларни деярли учратмайсиз.

Ёшлар асосан 3 ёки 4 нафар фарзандда тўхталмоқда. Шундай бўлсада, мамлакатимизда туғилиш даражаси ўта юқорилигича қолмоқда.

- Ижтимоий тармоқларда, Ўзбекистонда аёл вазирлар сони кам, ректорлар орасида аёллар йўқ, деган постларни учратиб қоламиз. Гендер тенглик борасида амалга ошириладиган ишлар кўп, шундайми?

- Сиёсий партияларимизда аёлларимиз учун 30%лик квоталар мавжуд. Мана шу ўринларга аёл сиёсатчиларни илгари суриш ҳуқуқи йўқ эмас, бор. Лекин олдинги йилларда бу ҳолат қандай рўй берганлигини биласизми? Дейлик, мана сиёсий партиямиз вакилларининг 30%и аёллар бўлиши керак. Кимнинг номзодини илгари сурамиз, дейилган ва рўйхат мана шу аснода тузилган. Ким тўғри келса, ўшанинг номзоди киритилаверган.

Депутат бўлишга арзийдими у ёки йўқ, бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрилмаган. Энг муҳими, номзоди илгари сурилган бундай аёллар билан ҳеч ким ишламаган.

Ўзбек аёли табиатан тортинчоқ, уятчан эмасми, шундай бўлардики, у эркак номзодлар орасида тортиниб, сайловда ютқазган. Депутатларимиз орасида аёллар 17% фоизни ташкил қилиши сабаби ҳам шунда.

Рустам Иноятовдан тортиб Қуронбоевгача - Олий Мажлис Сенатидан бир кун

Фикримча, қонунчилик бизга тақдим этаётган ушбу 30% квотадан аёлларимиз муносиб фойдаланишлари мумкин. Шу боис, жорий йилда сиёсий партияларимиз билан фаолиятни йўлга қўйдик. Ҳозирда тўртта сиёсий партиялар учун 2086 нафар аёлдан иборат рўйхатни шакллантирганмиз. Келгуси йилда бўлиб ўтадиган парламент сайловларигача бир йил вақтимиз бор. 

Ҳозир бу аёлларни тайёрлаш бўйича алоҳида дастур устида иш олиб бормоқдамиз. Бу аёлларимизнинг сиёсий жараёнлардаги иштирокига йўналтирилган аниқ мақсадли дастур бўлади.

Дастурнинг мақсади аёлларимизни жамиятда ўзини тутишга, аудитория олдида чиқиш қилиш сирларини ўргатиш. Яъни аёлларимиз ўзимиздаги сиёсий жараёнлардан тортиб, жаҳон сиёсатини ўрганади, ўз устида ишлайди ва жамоатчилик ишларида фаол бўлади.

Ўзбекистондаги бир партия аёлларнинг сиёсий фаоллигини ошириш учун курашмоқчи

Яъни бир йил ичида парламентдаги ўринларга номзоди илгари сурилаётган аёлларимиз ушбу сиёсий муҳитда ўзларини қулай ҳис қила бошлайди. Биз, хотин-қизлар қўмиталарининг айби, Ўзбекистон аёлларини сиёсий жабҳадаги фаолиятга умуман тайёрламаганлигимизда. Афсуски, сиёсий жабҳага тайёр бўлган аёллар бизда ҳозирча йўқ.

...Яна бир гапни қўшимча қилмоқчиман, масалан, сиёсий партияларда аёлларимиз учун 30% квота берилган бўлса-да, ўша жойни шунчаки тўлдириш учун у ёки бу аёлни ўтқазиб қўйиш керак, деган фикрга мутлақо қаршиман. Чунки бу ўринларни ўз ишининг истеъдодли ташаббускори бўлган аёллар эгалламоқлари даркор.

Ва бунда гап фақат аёллар борасида бораётгани йўқ, фарқи йўқ, хоҳ у эркак, хоҳ аёл бўлсин ҳақиқий иқтидорли раҳбарлар келиши керак депутатлик ўринларига.

Шахсан мен Ўзбекистонда жинси бўйича "сиғдирмаслик" ҳолатларини умуман ҳис қилмаганман Ўзбекистон Ҳукумати аёлларни жуда қаттиқ қўллаб-қувватлайди.

- Нима дейсиз, балки қуйи бўғинларда, дейлик туманларда аҳвол бошқачадир? Яъни аёллар ўз иш жойларида етарлича қўллаб-қувватлашни ҳис этишмас?

- Балки. Биласизми, бу ўша жойлардаги эркак раҳбарга хос бўлган стереотипларга боғлиқ. Яъни улар, гарчи аёл кишининг заковати, истеъдодини юқори баҳоласалар-да, улар учун аёл биринчи навбатда - она. Биласиз, ҳозир Ўзбекистон ўзи учун зарбдор беш йиллик эълон қилган. Барча соҳаларда катта ишлар амалга оширилмоқда. Шу боис, эҳтимол, ўша эркак раҳбарлар аёлларни аяшар балки. Фикримча, эркаклар ҳам иш, ҳам оилани бирдек олиб кета оладиган аёлларни пайқасалар, албатта, тан беришарди.

- Танзила Камаловна, аёлларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш борасида хотин-қизлар қўмитаси қандай ишларни амалга ошираётгани ҳақида гапирсангиз.

- 2018 йил 2 феврал куни Ўзбекистон президентининг "Хотин-қизларни ва оила институтини қўллаб-қувватлаш тўғрисида"ги фармони эълон қилинди. Бу тарихий Фармон, ҳеч муболағасиз бу кунда Хотин-қизлар қўмитаси қайтадан туғилди, деб айтиш мумкин. Сабаби, бунга қадар бўлган ҳужжатлар аёллар билан манзилли ишлаш имкониятини бермас эди.

Ушбу фармонда белгилаб берилганидек, ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни манзилли қўллаб-қувватлаш тизими йўлга қўйилди, ишсиз ва ижтимоий фаол бўлмаган хотин-қизлар билан якка тартибда иш олиб бориш амалиётини қўллай бошладик.

Ўзбекистонда ёрдамга муҳтож бўлган, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган аёллар сони 47 минг нафарни ташкил этади.

Биз бу аёлларга, агар улар бошпанага муҳтож бўлса, квартира масаласида ёрдам берамиз, бошланғич 25% бадални тўлаб берамиз. Иккинчидан, уларга ижтимоий ёрдам кўрсатамиз. Учинчидан ишга жойлашишларига ёрдам берамиз. 

Биласизми, аёллар бўлмаса. иқтисодиёт тўхтаб қоларди. Аёллар - бу ҳаракатга ундовчи улкан куч. Аёлларнинг салоҳияти, кўникмаларини инобатга олган ҳолда, ундан фойдаланмаслик тўғри бўлмас эди. Яқин йилларга қадар Ўзбекистон аёллари асосан таълим, соғлиқни сақлаш, илм-фан, ҳуқуқшунослик соҳаларида банд бўлиб келишган. Лекин охирги 2-3 йилда биз аёлларимиз техника ва фермерлик соҳаларида ўта фаол эканлигини кузатаяпмиз.

Ўзбекистонда ишсизлик бўйича суғурталаш тизими жорий этилади

Иш билан таъминлаш масаласига келсак, ҳақиқий аҳвол ҳақида айтадиган бўлсам, меҳнат органларида рўйхатга олинганлар сонига нисбатан ишсизлар сони уч баробар кўп. 

Яна ўша гап, аёлларимизнинг уятчанлиги, қаерга боришни билмаслиги ва менталитет туфайли, улар иш сўраб қаергадир мурожаат қила олишмайди.

Ҳозир мана шундай аёлларнинг рўйхатини тузаяпмиз. Мен ҳозир бу ҳақда ишонч билан айта оламан, Ўзбекистонда 9 мингта маҳалла бўлса, ҳар бирида ишсиз аёллар сони бўйича рўйхат шакллантирилган.

Рўйхатдаги аёлларнинг муаммоси нимада, у нимага муҳтожлигини аниқлаб, ҳар куни уларга манзилли ёрдам кўрсатиб келмоқдамиз. Ростини айтиш керак, тўпланиб қолган муаммолар салмоғи жуда катта. Шу пайтгача мамлакатда фаолият юритган Хотин-қизлар қўмиталарининг биронтаси аёллардан уларнинг дардини сўрамаган.

Фақатгина давлатимиз раҳбарининг сайи-ҳаракатлари билан, яъни у киши бизларни ўз ишимизга бошқача назар солишга мажбур этганларидан сўнггина одамларнинг уйларига кириб бориб, масала нимада эканлигига ойдинлик кирита бошладик. Буни тан оламиз.

Агар биз қўмита қошида қабул кунларини йўлга қўйганимизда ҳам, аминманки, аёларимиз келмаган бўларди. Шу боис, биз уйма-уй юра бошладик. Улар билан гаплашиб, улардан ҳол сўраб, одамларни дардини ёришга ўргатдик.

Аёллар бандлигини таъминлашга келсак, вилоятлардаги ҳудудларда корхоналар билан фаолиятни йўлга қўйганмиз. Уларда албатта, вакант жойлар бўлади. Рўйхатимизда бўлган ишсиз аёлларни ўз ҳудудида жойлашган корхоналарга ишга жойлаш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.

Қуронбоев ишсиз юрган ёшларга Имкон маркази ёрдам беришини айтди

Бундан ташқари, қўмитамиз ҳам иш ўринларини ташкил қилишда ташаббус кўрсатмоқда. Жойларда маҳаллаларда бўлганимизда ўз ҳолига ташлаб қўйилган эгасиз бино-иншоотлар эътиборимизни тортган эди. Улар ҳеч кимга керак эмасди. Биз ўша ташландиқ бинолар бор ҳудудларда бизнесни йўлга қўймоқчи бўлган эркак ёки аёл тадбиркорларни топиб, уларга ишни ташкиллаштиришда ёрдам беряпмиз. Улар таъмирлаш ишларини амалга оширса, биз кредит олиш масаласида ёрдам бераяпмиз ҳамда тезда у тадбиркорга ишлашни хоҳлайдиган аёллар рўйхатидан ишчи ходимларни бириктирмоқдамиз.

Бундан ташқари, Марказий Осиё мамлакатлари тадбиркор аёллари билан ҳамкорликни кенгайтириш режамизда бор. Мана яқинда, қозоғистонлик дугоналаримиз келиб кетишди. Улар бизнинг тадбиркорларимиз билан 13та шартнома имзолашди. Тез кунларда туркманистонлик ва қирғизистонлик аёллар билан бизнес-форум ўтказилиши кутилмоқда. Мана шундай ишлар бошланди.

- Муҳим қарорлар қабул қилишингизга тўғри келади, кези келганда, масъулиятни зиммангизга оласиз. Айтингчи, кучли ва ўзига ишонган аёл бўлиш осонми?

- Балки, бу оддий туюлар, лекин бошлаган ишларимиз юришганини ва аёлларимиз юзида қувончни кўрсам, улар томонидан президентимизга, давлатга ва қўмитамиз фаолиятига билдирилаётган миннатдорликларни эшитсам, ғайратимга ғайрат қўшилади. Чарчоқ нелигини ҳис этмай қоламан. Одамлар билан ишлаш менга куч бахш этади. Ишсиз ўзимни ёмон ҳис этсам керак. Мен айнан қўмитадаги фаолиятимни назарда тутмаяпман, лекин қаерда бўлмасин, албатта, ишлашим керак. Менда энергия жуда кўп. (табассум қилади)

- Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур, Танзила Камаловна!