Уй-жойларни бузишда йўл қўйилган минглаб қонунбузарликлар аниқланди

Адлия вазирлиги 2016 – 2018 йилларда уй – жойлар бузилиш жараёнида ҳокимликлар томонидан йўл қўйилган минглаб қонунбузарликларни аниқлади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 25 июл – Sputnik. Адлия вазирлиги охирги 2 йил давомида Ўзбекистонда уй-жойларни бузишда кўплаб қонунбузарликларни аниқлади, деб хабар қилмоқда муассаса матбуот хизмати.

Хабарда айтилишига кўра, 2016 – 2018 йилларда ер участкасининг давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан республика бўйича 4 689 та турар ва 1 456 та нотурар жойлар бузилган.

Миробод бозори ёнидаги бузилаётган кафелар ўрнида уйлар қурилади

Ушбу олиб қўйиш ва бузиш жараёнлари ўрганиб чиқилганда, ҳокимликлар томонидан йўл қўйилган минглаб қонунбузарликлар аниқланди.

Мулк эгаси олдиндан хабардор қилинмаган

Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сон қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, кўра ер участкаси олиб қўйилиши муносабати билан мол-мулки бузилишга тушган мулкдорлар бузилиш бошланишидан 6 ой олдин ёзма хабардор қилиниши шарт.

Лекин республика бўйича 688 ҳолатда:  Наманганда – 569та, Андижонда – 57та, Навоийда – 31та, Бухорода – 22та, Самарқандда – 7та ҳолатларда – мулк эгаси умуман хабардор қилинмаган.

Ўзбекистонда кадастр ҳужжати йўқ уй-жой ва ерлар тўлиқ рўйхатга олинади

Ундан ташқари, 985 ҳолатда: Хоразмда – 212 та, Самарқандда – 189та, Сурхондарёда – 172та, Қорақалпоғистонда – 125та, - хабардор қилиш муддатига риоя қилинмаган.

Масалан, Наманган шаҳри, Уйчи кўчасидаги 358 та турар жойлар мулкдорлари ёзма равишда хабардор қилинмасдан 2016 йилнинг август ойида бузиб юборилган. Хива шаҳридаги 84 та турар жойлар мулкдорларига ёзма хабар берилгандан 5-7 кун ўтиб бузилган.

Мол – мулк баҳоланмасдан бузиб юборилган

Юқоридаги Низом талабларига зид равишда 100 та ҳолатда – Андижонда – 56 та, Навоийда –31 та, Бухоро да – 6та, Хоразмда – 4та, Наманганда – 2 та, Жиззахда – 1 та – бузилган турар жойлар баҳоланмаган бўлсада, улар учун компенсация тўланган.

Сирғалида ёғоч уйларни бузиш бошланди

Шунингдек, 391та ҳолатда – Андижонда – 192, Хоразмда – 138та, Самарқандда – 37та, Қашқадарёда – 14та, Қорақалпоғистонда – 9 та – эса турар жойлар бузилгандан кейин баҳоланган.

Масалан, Қўрғонтепа туманида 5 та турар жойлар баҳоланмасдан 104 млн. сўм компенсация тўланган. Андижон шаҳрида 2016 йил май ойида бузилган 42 та турар жойни баҳолаш 2018 йил 23 апрелда, яъни орадан 2 йил ўтиб амалга оширилган.

Бузилган мулк учун умуман пул тўланмаган

Қонунчиликка кўра, давлат ва жамоат манфаатлари учун олинган ер участкаларида жойлашган кўчмас мулклар учун компенсация тўлови бузилишидан олдин тўланиши шарт.

Депутат арзон уй-жойлар нархи борасида Тошкент ҳокимидан тушунтириш беришни сўради

Лекин, республика бўйича турар жойлари бузилган 37 нафар мулкдорга – 3 млрд. 252 млн. сўм умуман тўланмаган, 215 нафарига эса – 15 млрд. 67 млн. сўм тўлиқ тўлаб берилмаган.

Хусусан, Наманганда – 6 млрд. 889 млн. сўм, Сирдарёда – 5 млрд. 753 млн. сўм, Навоийда –1 млрд. сўм, Жиззахда – 601 млн. сўм, Хоразмда – 444 млн. сўм, Андижонда ва Сурхондарёда – 136 млн. сўмдан, Қашқадарёда – 91 млн. сўм компенсация тўловлари бугунга қадар тўланмай келинмоқда.

Масалан, Тўрақўрғон тумани Пастнайманча ва Хўжанд маҳаллалари ҳудудида 2017 йил май-июнь ойларида бузилган 14 та турар жойлар учун ҳисобланган 1 млрд. сўм компенсация пули умуман тўланмаган.

Гулистон шаҳрида 2017 йил май-сентябрь ойларида бузилган 113 та турар жойлар учун тўланиши лозим бўлган компенсация маблағининг 5 млрд. 753 млн. сўми тўланмай келинмоқда.

Ўзбекистонда арзон уй-жойлар учун дастлабки бадал суммаси камайтирилди

Худди шундай, нотурар жойлари бузилган 13 нафар мулкдорларга 1 млрд. 583 млн. сўм умуман, 24 нафарига эса 1 млрд. 300 млн. сўм қисман компенсация тўланмай келинмоқда. Бузилган 255 та нотурар жой мулкдорларига бино-иншоот қуриш учун ер участкалари ажратилмаган.

Уй эгаларига ижара пули берилмаган

Бундан ташқари, деярли барча ҳудудларда турар жойлар бузилиши муносабати билан мулкдорларни (уларнинг оила аъзоларини) вақтинчалик турар-жой билан таъминлаш ёки уларга ижара ҳақи ва кўчиб ўтиш харажатларини қоплаб бериш амалиёти йўлга қўйилмаган.

Ҳокимликлар огоҳлантирилди

Аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича туман (шаҳар) ҳокимликларига адлия органларининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлимлари томонидан 127 та тақдимнома ва 52 та огоҳномалар киритилиб, ҳуқуқбузарликлар содир этган 74 нафар мансабдор шахсларга нисбатан расмийлаштирилган маъмурий баённомалар тегишли судларга юборилди.

Ўзбекистонда хотин-қизларга арзон уй-жойлар берилади

Бундан ташқари, вазирлик томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига тегишли тақдимномалар киритилди ва бу ҳақда Ҳукуматга ахборот берилди.

Қонунлар такомиллиштирилади

Ҳозирда туман (шаҳар) адлия бўлимлари аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва бу жараёнда фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш масалалари юзасидан доимий назоратни амалга оширмоқдалар.

Шунингдек, соҳани тартибга солувчи қонун ҳужжатлари вазирлик томонидан хатловдан ўтказилиб, уларни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмоқда.