ТОШКЕНТ, 3 апр — Sputnik. Ўзбекистон президенти матбуот котиби Комил Алламжонов куни кеча Facebook саҳифасида жонли эфир орқали президент Шавкат Мирзиёевнинг вилоятларга ташрифидан сўнг интернетда эълон қилинган айрим танқидий маълумот ва хабарларга муносабат билдирди.
Аввалроқ баъзи вилоятларда автомобиль йўллари президент ташрифи арафасида асфальт қилинганлиги, президент ташрифи арафасида йўллар бўйида қурилган иссиқхоналар, давлат раҳбарининг вилоятга ташрифи якунига етгач, бу иссиқхоналар ўз ҳолига ташлаб қўйилгани, президентнинг Жиззах вилоятидаги "Зарбдор Текстил" корхонасига ташриф буюрган вақтида ҳақиқий ишчилар эмас, балки яқин-атрофдаги коллеж ўқувчи қизлар худди ишлаётгандек бўлиб ўтиргани, корхона аслида ҳали иш бошлашга тайёр эмаслиги ҳақида кўплаб материаллар пайдо бўлганди.
Президент матбуот котиби Комил Алламжонов "бу маълумотлардан хабардор" эканига алоҳида урғу берди барчага уларнинг фуқаролик позицияси учун миннатдорлик билдирди.
"Авваламбор президентимиз фаолиятларига бефарқ эмаслигингиз ва фуқаролик позициянгиз учун миннатдорчилик билдирмоқчиман. Сўнгги пайтларда президентимиз вилоятларга ташрифлари билан боғлиқ бўлган турли саволлар, айрим ҳолатларда турли танқидий мақолалар менинг саҳифамга кўплаб келиб тушмоқда. Шу фурсатдан фойдаланиб, ушбу масалаларга ойдинлик киритмоқчиман", — деб бошлайди Комил Алламжонов.
Алламжонов вилоятларга президент ташрифи арафасида йўллар асфальт қилиниши тўғрисидаги маълумотларга батафсил изоҳ берди.
"Йўллар қурилиши ва ушбу йўлларни топширилиши масаласи бўйича улар томонидан топшириқ берилмаган. Ўз ўрнида бу йўллар фақатгина аҳамият берсангиз, олис-олис туманларга бораётган чоғида мажбуран энг ёмон аҳволдаги, ўнқир-чўнқир ерларни шунчаки косметик таъмирлаш, вақтинчалик чора деб билишингизни илтимос қилардик.
Чунки агарда президентимиз ташрифлари жараёнида шу автомобил қатнов йўллари келишларига тайёрланиши керак бўлган бўлса, агарда келган пайтларда ушбу йўлларни кўрмоқчи бўлган бўлсалар-у, бу режага киритилган бўлса, албатта ушбу йўллар белгиланган тартиб ва белгиланган стандарт ва талаблар асосида таъмирланиши, барпо қилиниши ташкиллаштирилади. Албатта президентимиз бу йўлга келиб ўз муносабатлари, фикрлари ва ўзларини кўрсатмаларини ва тегишли таклифларини берадилар. Илтимос қилардикки, ҳозирда ўнқир-чўнқир йўлларни вақтинчалик қилинаётган чораларни тўғри қабул қилган ҳолда, кўпроқ эътиборни, шу йўлдан ўтгандан сўнг, борган манзиллар ва у ерда барпо этилган — халқ учун турли объектлар, бинолар, уйлар ва корхоналарни йўқдан бор бўлганлигига эътибор қаратсак, менимча, нур устига аъло нур бўларди", — деди Комил Алламжонов.
Алламжонов йўл бўйида қурилган иссиқхоналар масаласига ҳам тўхталиб ўтди. Унинг айтишича, президент бориб кўрган иссиқхоналарни "бир кунда, биргина ташриф учун барпо этиш мумкин эмас". Шу сабабли у буни кўпроқ "бўрттирилган материал" дея баҳолади.
"Менинг шахсий фикримча, бу кўпроқ бўрттирилган бир материал. Нимага? Президентимиз борган ҳар бир объектда, биз кўрган иссиқхоналар — бу ҳақиқатда ишлаётган иссиқхоналар. Уни бир кунда ёки бўлмаса биргина ташриф жараёни учун бирданига барпо этиш мумкин эмаслигини ҳаммамиз яхши биламиз. Менинг тушунишим бўйича, президентимиз юрган йўллар ёқасида қурилган иссиқхоналар назарда тутилган. Агар бу иссиқхоналар президентимиз кетганларидан кейин агарда йўқ бўлиб қолган бўлса, бузиб ташланган бўлса ёки уларнинг вақтинчалик эканини исботловчи бирор бир далил бўлса, биз фуқароларимиздан жуда ҳам илтимос қилиб қолардик. Бу нотўғри, бундай бўлиши керак эмас. Ушбу иссиқхоналар ҳозирда йўқ бўлса, бунга тегишли мутасадди раҳбарларга нисбатан чора кўрилади. Лекин президентимиз ташрифлари чоғида ушбу иссиқхона қурилган бўлса, демак, озгина пойлаш керак — бирор экинлар экилган бўлса, тез кунларда улар кўкариб, пайдо бўлиб, ушбу маҳсулотлар униб чиқиши мумкин", — деди Алламжонов.
Кейинги масала — Жиззах вилоятига бўлган сафар жараёнида бир тикув цехига бўлган ташриф билан боғлиқ: "У ерда ишлаётган қизлар коллеж ўқувчилари, аслида бу кўзбўямачилик бўлди, булар ишчилар эмас", — деган фикрлар пайдо бўлди.