ТОШКЕНТ, 30 мар – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 30 март куни Жиззах вилоятига ташриф буюрди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Матбуот хизматининг хабарига кўра, президент дастлаб Зарбдор туманидаги "Зарбдор текстил" масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди.
Янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилаётган бу корхонада мингдан ортиқ киши доимий иш билан таъминланади. Маҳсулотлар ички бозорни тўлдириб, экспортга ҳам йўналтирилади.
Ушбу корхонани бунёд этиш бўйича президентнинг ўтган йили вилоятга ташрифи чоғида топшириқ берилган эди.
"Менинг энг катта мақсадим одамларни иш билан, даромад билан таъминлаш. Энди бир килограмм пахтамизниям четга сотмаймиз, юртимизда қайта ишлаймиз, қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқарамиз", — деди Шавкат Мирзиёев.
Шу ерда Жиззах вилоятида тўқимачилик, кимё, фармацевтика соҳаларини ривожлантириш, инвестицияларни жалб этишга доир лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.