Имтиҳонсиз нострификация: мингта энг яхши олий ўқув юртларини тамомлаганлар учун

Халқаро тан олинган ташкилотларнинг олий таълим муассасалари рейтингида биринчи 1000 талик рўйхатига киритилган олий таълим муассасалари битирувчилари учун нострификациялаш тўғридан-тўғри амалга оширилади
Sputnik

ТОШКЕНТ, 16 фев — Sputnik. Норматив ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) тартиби тўғрисида низомнинг янги таҳрири лойиҳаси жойлаштирилди.

Ўзбекистонда дипломни нострификация қилиш бўйича онлайн хизмат жорий этилди

Эслатиб ўтамиз, ҳужжатларни тан олиш деганда соддалаштирилган тамойил тушунилади, унда хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатлар Ўзбекистонда муайян халқаро шартномага асосан тан олинади. Ностирификациялашдан фарқли ўлароқ, тан олиш эквивалентлик экспертизаси ўтказилмасдан ва махсус синовларсиз амалга оширилади.

Хорижий мактабларни тугатганлар — лицей ўқувчиларига тенглаштирилмайди

Хорижий давлатларнинг ўрта махсус таълим тўғрисидаги ҳужжатларини тан олиш Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармалари ҳузурида ташкил этиладиган комиссиялар томонидан амалга оширилади. Ҳозир буни Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси амалга оширади.

Россия тўлайди: ўзбекистонликлардан олийгоҳларга ҳужжат қабул қилиш бошланди

Бунда битирувчининг 10 ва 11-синфларни тугатганлиги тўғрисидаги ҳужжати, тегишинча академик лицейнинг 1 ва 2-курслари даражасига, битирувчининг 12 ва ундан юқори синфларни тугаллаганлиги тўғрисидаги ҳужжати эса — ўрта махсус таълимга тенглаштириладиган нормалар чиқариб ташланади. Шу тариқа, хорижий мактабларни тугатган шахслар Ўзбекистондаги академик лицейларни тугатган ўқувчиларга тенглаштирилмайди.

Нострификациялаш қачон имтиҳонларсиз амалга оширилади?

Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) қуйидаги ҳолларда тўғридан-тўғри (махсус синовларсиз) амалга оширилади:

Ўн биринчи синфни тамомлаганларга ҳам аттестат ҳам диплом топширилади
Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари, Ўзбекистон президентининг ҳужжатлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарор, фармойиш ва баённомалари асосида хорижий давлатларда таълим олган;

Ўзбекистон президентининг ҳужжатлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан Ўзбекистон ҳудудида фаолият юритишига рухсат этилган хорижий давлатларнинг олий таълим муассасаларида таълим олган;

мутахассисларни мақсадли тайёрлаш учун хорижий давлатлар томонидан ажратилган квоталар (грантлар)га мувофиқ тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идораларнинг йўлланмалари асосида таълим олган;

халқаро тан олинган ташкилотларнинг олий таълим муассасалари рейтингида биринчи 1000 талик рўйхатига киритилган, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Давлат инспекциясининг қўшма қарори билан ҳар йили рўйхати тасдиқланадиган таълим муассасаларида таълим олган битирувчиларнинг таълим тўғрисидаги ҳужжатлари.

Эслатиб ўтамиз, ҳозир 500 та энг яхши хорижий таълим муассасалари томонидан берилган дипломлар соҳибларига шундай ҳуқуқ берилган.

Махсус синов тури фанлардаги фарқларга боғлиқдир

Таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжат бўйича (масалан, диплом иловасига кўра) фанларнинг Ўзбекистондаги таълим муассасаларидаги фанлар ўртасидаги фарқи 30 %гача бўлганда, суҳбат тариқасидаги махсус синов ўтказишни белгилаш таклиф этилмоқда. 31-55 % бўлганда тест (ёзма иш) ва суҳбат ўтказилади. Фарқ 56-70 %ни ташкил қилганда, тегишли олий ўқув юртида қайта тайёрлаш курсларида тўлов-контракт асосида таҳсил олишга тўғри келади, кейинчалик эса тест (ёзма иш) топширилади ва суҳбатдан ўтилади.

Қаерда гуманитар таълим олганлик муҳим эмас

Ҳозир алоҳида таълим йўналишлари (ижтимоий соҳа, педагогика, тарих, ҳуқуқ) бўйича эквивалентликни экспертизадан ўтказишда алоҳида талаблар назарда тутилган. Фанлар ҳажми, номи ва соатлар миқдори Ўзбекистон давлат таълими стандартларига мувофиқ намунавий ўқув режасида назарда тутилганининг 55%идан камни ташкил қилмаслиги лозим.

Мазкур чекловни бекор қилиш назарда тутилмоқда.