ТОШКЕНТ, 3 авг — Sputnik. Ўзбекистонда 11-синфни якунлаган ўқувчиларга етуклик аттестати билан бирга меҳнат фаолияти билан шуғулланиш имконини берадиган давлат намунасидаги ҳужжат ҳам тақдим этилади, деб хабар қилинди Ўзбекистон президенти расмий сайтида.
Ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларида чуқурлаштирилган махсус тайёргарликни талаб этмайдиган чилангар, тикувчи, ҳайдовчи, ошпаз, сартарош, каштачи, кулол, қандолатчи, новвой, дурадгор, сувоқчи, бўёқчи каби жами элликдан зиёд касб-ҳунар ўргатилади. Бу мажмуаларда касб эгаллаган ўқувчиларга 11-синфни якунлаганидан сўнг етуклик аттестати билан бирга меҳнат фаолияти билан шуғулланиш имконини берадиган давлат намунасидаги ҳужжат ҳам тақдим этилади", — дейилади хабарда.
Шунингдек, селектор йиғилишида янги ўқув йили бошлангунга қадар ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларини ўқув жиҳозлари, касб-ҳунар ўрганиш учун зарур анжом ва ускуналар билан таъминлаш бўйича масъул идора ва шахслар белгиланди.
Маҳалла фаоллари, нуронийлар, профилактика инспекторлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилотлари, туман, шаҳар ҳокимларига умумтаълим мактабларида таълим-тарбия сифатини ошириш, ҳар пайшанба - профилактика кунида ўқувчиларнинг давоматини ўрганиш ва таҳлил натижаларини танқидий муҳокама қилиб бориш вазифаси топширилди.