ТОШКЕНТ, 13 фев — Sputnik. Калифорнияда жойлашган Скриппс институти олимлари саратон касали метастазалари тарқалишини тўхтатиш йўлини топишди.
Улар буни инсон организми ўсиши учун жавобгар бўлган TGF-β – оқсил ўсиш фактори оқали амалга ошириш йўлини аниқлашган. Одатда TGF-β оқсил фактори инсон соғлом ҳужайралари ўсиши учун жавоб беради, лекин саратон касали оқибатида у шаклан ўзгариши (мутация) ва зарарли саратон ўсмалари тарқалишига сабаб бўлиши мумкин экан.
Инсон иммунитети ҳар қандай зарарли ҳужайрани тезда аниқлаб, уни йўқ қилиш қобилиятига эга бўлсада, мутация қилган TGF-β оқсили соғлом оқсилига жуда ўхшаш бўлгани учун инсон иммунитети уни “кўрмайди”.
Калифорниялик олимлар эса мутация қилган оқсил фаолиятини чеклайдиган, Т-ҳужайралари етиштиришга муваффақ бўлишди.
Соғлом TGF-β оқсили инсон учун керакли бўлгани туфайли уни бутунлай йўқ қилиш мумкин эмас, шунинг учун Скриппс институти олимлари ўз ҳаракатларини ушбу оқсил билан бевосита боғлиқ бўлган LTBP3 номли оқсилга қаратишди.
Жўжа эмбриони ва сичқонларда саратоннинг турли шаклларига қарши тажрибалар ўтказилди. Тажрибада олимлар саратон шиши пайдо бўлганидан кейин LTBP3 оқсилини чеклашганидан сўнг, ушбу жониворларда саратон метастазалари пайдо бўлмади.
New Atlas ёзишига кўра, Скриппс олимлари кашфиёти – саратон касалига қарши зарба бериш мумкин бўлган яна бир самарали услубдир. Бу саратон касалига чалинган инсонлар ҳаётини сақлаб қолишда муҳим роль ўйнайди. Айни дамда олимлар ушбу услубни янада самарадор қилиш йўлларини ўйламоқда.