Ўзбекистонга аёллар билан ишлайдиган янги қўмита керак - Сайёра Ходжаева

Демократия ва инсон ҳуқуқлари Институти раҳбари Сайёра Ходжаеванинг фикрича, бугун аёллар етакчилари олдида тамомила бошқа масалалар турибди ва ҳозирги қўмиталар уларга ечим топа олмайди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 8 фев — Sputnik. Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти раҳбари Сайёра Ходжаева Спутник Ўзбекистон мухбирининг "Нега хотин-қизлар қўмиталари раислари жойларда аёллар тақдирига таъсир кўрсата олмаяпти, уларни фаол позицияни эгаллашга илҳомлантира олмаяпти?" деган саволига жавоб берар экан, барча хотин-қизлар раисларини бир қолипга солмаслик кераклигини таъкидлади.

Замонавий ўзбек аёли бизнес-леди бўлиши керак - Сайёра Ходжаева
"Барча хотин-қизлар қўмиталари раисларини бир қолипга солиш мумкин эмас. Улар орасида ўз вазифасини виждонан, масъулият ила бажараётганлар, ўз ортидан эргаштира оладиган, кўплаб яхши ишларни амалга ошираётганлари ва имкони борича аёлларнинг ҳаммасига ёрдам қўлини чўзаётганлари бор. Аммо ўзингиз тушунасиз, дактилоскопияда бир хил бармоқ излари учрамайдигандек, раҳбарлар ҳам турли калибрли бўлишади", — деди Ходжаева.

Ҳуқуқшунос шунингдек, бу соҳада захира кадрлар тайёрлаш бўйича тизим фаолияти йўлга қўйилмаганини, хотин-қизлар қўмиталарига раҳбарларни тайёрлайдиган махсус мактаблар Ўзбекистонда йўқлигини қўшимча қилди.

Ўзбекистонлик хотин-қизлар масаласи Алла Пугачёванинг қўлидами?
"Президент Бошқаруви аппаратида тайинланган раисларни қайта тайёрлаш курсларигина мавжуд. Соҳа мутахассислари асосан ўқитувчилар, шифокорлар ва бошқа соҳа вакиллари орасидан танлаб олинади. Уларнинг малакаси ва даражаси ҳам, табиийки турлича бўлади. Оддий ўқитувчи ёки шифокорнинг яхши раҳбар бўлиши, аёллар билан ишлаш соҳасида етук мутахассисга айланиши учун йиллар талаб этилади", — қўшимча қилди у.

Ходжаевага кўра, хизмат лавозимида ўсиш йўқлиги, менталитетдан келиб чиққан ҳолда шаклланиб бўлган муносабат ҳам жойларда Хотин-қизлар раисларини "тепадан буйруқ кутишга" ўргатиб қўйган. Шу туфайли улар ташаббус кўрсатмайдилар.

"Фикримча, уларнинг ўзларида айнан мотивациянинг йўқлиги шунга олиб келдики, айрим хотин-қизлар қўмиталари раислари аёллар тақдирига таъсир кўрсата олмадилар", — деди Ходжаева.

"Ҳақиқий етакчи аёл қандай бўлиши керак наздингизда? Ижтимоий тармоқларда хотин-қизлар фаолияти ҳақида кўплаб салбий фикрларни учратиш мумкин, Ўзбекистонга бундай қўмиталар керакми ўзи?", — деган саволга ҳам жавоб берди.

Ўзбекистон президенти аёллар тўғрисидаги Фармонга имзо чекди
"Менинг наздимда етакчи аёл, умуман ҳар қандай етакчи — бу ортидан одамларни эргаштира оладиган, энг яхши фазилатларга ва кўникмаларга эга, янгиликни ҳис қила оладиган, ўз сўзи билан кўндира оладиган, ўзини тутиши ва фаолияти орқали бошқаларга намуна бўла оладиган инсондир. Назаримда, бизнинг хотин-қизлар қўмиталаримиз, жойларда уларни мунтазам равишда фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилиб келишгани билан, мамлакат мустақиллиги, ўтиш даври йилларида яхши хизматни адо этдилар. 90-йиллардаги аёллар билан ҳозирги аёллар ўртасидаги фарқ — осмон билан ерча.

Шу билан бирга, улар олдида бугун тамомила бошқа масалалар турибди ва ҳозирги қўмиталар уларга ечим топа олмайди. Мамлакат президенти ташаббуси билан жамиятда юз бераётган ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда, шунингдек, биз 1995 йилдаёқ ратификация қилган БМТнинг "Аёлларга нисбатан ҳар қандай шаклдаги камситишларни йўқ қилиш" Конвенцияси талабларидан келиб чиққан ҳолда, аёллар билан мутлақо янгича услубларда иш олиб бориш ва янги тузилмаларни ташкил қилиш талаб этилади. Дейлик, бу вазирлик ёки аёллар масалалари бўйича Давлат қўмитаси бўлиши мумкин, бунга ёшларни ҳам жалб қилиш мумкин.

Хотин-қизлар қўмитаси фаолияти ҳақида билдирилаётган ўта салбий фикрларга келадиган бўлсак, танқиддан осони йўқ. Уларни танқид қилаётганлар бир неча кун бўлса ҳам бу ишда ишлаб кўришлари керак. Мен ўзим олти йил хотин-қизлар қўмитаси раиси — Тошкент вилояти ҳоким-ўринбосари бўлиб ишлаганман, ва кечирасизу, бу ишнинг қанчалик мураккаблигини ўз тажрибамдан биламан", — хотима қилди Ходжаева.