ТОШКЕНТ, 8 фев — Sputnik. Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти раҳбари Сайёра Ходжаева Спутник Ўзбекистон мухбирининг "Нега хотин-қизлар қўмиталари раислари жойларда аёллар тақдирига таъсир кўрсата олмаяпти, уларни фаол позицияни эгаллашга илҳомлантира олмаяпти?" деган саволига жавоб берар экан, барча хотин-қизлар раисларини бир қолипга солмаслик кераклигини таъкидлади.
Ҳуқуқшунос шунингдек, бу соҳада захира кадрлар тайёрлаш бўйича тизим фаолияти йўлга қўйилмаганини, хотин-қизлар қўмиталарига раҳбарларни тайёрлайдиган махсус мактаблар Ўзбекистонда йўқлигини қўшимча қилди.
Ходжаевага кўра, хизмат лавозимида ўсиш йўқлиги, менталитетдан келиб чиққан ҳолда шаклланиб бўлган муносабат ҳам жойларда Хотин-қизлар раисларини "тепадан буйруқ кутишга" ўргатиб қўйган. Шу туфайли улар ташаббус кўрсатмайдилар.
"Фикримча, уларнинг ўзларида айнан мотивациянинг йўқлиги шунга олиб келдики, айрим хотин-қизлар қўмиталари раислари аёллар тақдирига таъсир кўрсата олмадилар", — деди Ходжаева.
"Ҳақиқий етакчи аёл қандай бўлиши керак наздингизда? Ижтимоий тармоқларда хотин-қизлар фаолияти ҳақида кўплаб салбий фикрларни учратиш мумкин, Ўзбекистонга бундай қўмиталар керакми ўзи?", — деган саволга ҳам жавоб берди.
Шу билан бирга, улар олдида бугун тамомила бошқа масалалар турибди ва ҳозирги қўмиталар уларга ечим топа олмайди. Мамлакат президенти ташаббуси билан жамиятда юз бераётган ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда, шунингдек, биз 1995 йилдаёқ ратификация қилган БМТнинг "Аёлларга нисбатан ҳар қандай шаклдаги камситишларни йўқ қилиш" Конвенцияси талабларидан келиб чиққан ҳолда, аёллар билан мутлақо янгича услубларда иш олиб бориш ва янги тузилмаларни ташкил қилиш талаб этилади. Дейлик, бу вазирлик ёки аёллар масалалари бўйича Давлат қўмитаси бўлиши мумкин, бунга ёшларни ҳам жалб қилиш мумкин.
Хотин-қизлар қўмитаси фаолияти ҳақида билдирилаётган ўта салбий фикрларга келадиган бўлсак, танқиддан осони йўқ. Уларни танқид қилаётганлар бир неча кун бўлса ҳам бу ишда ишлаб кўришлари керак. Мен ўзим олти йил хотин-қизлар қўмитаси раиси — Тошкент вилояти ҳоким-ўринбосари бўлиб ишлаганман, ва кечирасизу, бу ишнинг қанчалик мураккаблигини ўз тажрибамдан биламан", — хотима қилди Ходжаева.