ТОШКЕНТ, 26 дек — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 22 декабр куни Олий мажлис сенати ва қонунчилик палатаси аъзоларига мурожаатнома йўллади. Президент Ўзбекистоннинг янгича қиёфасини шакллантириш бўйича энг муҳим фикрларни ўз ичига олган 4 соатлик нутқи аввалида мамлакатдаги хотин қизлар масаласига алоҳида тўхталиб ўтди.
Мирзиёев Хотин-қизлар раиси Танзила Норбоева мана шу ҳолат ҳақида бонг урмаётганига тўхталар экан, шу қўмита керакми-йўқми деган масалани ўртага ташлади. Модомики керак экан, унинг фаолияти қай йўсинда бўлиши керак, шу ҳақда яхшилаб ўйлаб кўриш кераклигини қўшимча қилди.
Президентнинг ушбу сўзлари интернет тармоғида, хусусан, "халқ билан мулоқот" гуруҳида ўзбекистонликлар томонидан қизғин муҳокама қилинди.
"Чекка қишлоқларда юришни қўя турайлик… олдига ўз муаммоси билан келганларни ҳеч бўлмаса тинглаб, расмиятчиликларни четга суриб ҳал қилишга киришсаям, биз хурсанд бўламиз", — деб изоҳ қолдирган Дилфуза Баймирова.
Зулфия Искандарова исмли фойдаланувчи эса қўмита керак эмаслигини баён этган.
"Хотин-қизлар кумитаси ҳақиқатда керакмас қўмита, унинг ўрнига оилавий муаммоларни ечишга қаратилган қандайдир ижтимоий ташкилот керак", — деган аёл.
Хусусан, Александр Рустамов Хотин-қизлар қўмитаси ҳеч қандай наф бермаётганини билдирган.
"Бу қўмитадан фойда йўқ. Турмуш йўлдошим ноқонуний ишдан ҳайдалгани учун мурожаат қилган, аммо жавоб ҳам келмади", — деб ёзган у.
Интернет фойдаланувчиларининг аксарияти Қўмитада ишни билмаса ҳам "юқоридан қўйилган" аёллар ўтиришини айтиб, ўз норозиликларини билдиришган.
"Алла Пугачёванинг Кавказда 3 соатлик концертдан кейин овози чиқмай қолиб чарчадим, концертни тугатаман деб турганида кавказлик томошабинлар: "Аллочка ты по сцене туда ходи — сюда ходи, петь не обязательно" дегани эсимга тушиб кетди", — қўмитада "шунчаки" ўтирадиган "раислар" ҳақида фикр билдирган Нариммат Йўлдошев.
"Махалла маслаҳатчисини асосий вазифаси хар куни оилалар билан, хотин-қизлар билан ишлаш: ночор оилаларга ёрдам бериш, шароит яратиш, тўғри йўл кўрсатиш унга йўналтириш. Лекин маслаҳатчилар мажлисма мажлис юришади, оилалар билан иши йўқ, раислар ўрнига ҳам мажлисга боради, қоғозбозлик билан шуғулланади", — деб изоҳ қолдирган Фарида.
Зебо Ҳайдарова қачонки хотин-қизлар қўмитаси фақат ўзининг иши билан шуғулланса, ҳаммаси жойига тушишини билдирган.
Аксарият интернет фойдаланувчилари қўмитанинг кераги йўқ, деган фикрни билдирган бўлсаларда, президент танқидидан кейин қўмиталар фаолияти фаоллашиб қолар, дея умид билдирганлар ҳам йўқ эмас.