Президент экологик ҳолатни яхшилаш ва атроф-муҳит муҳофазаси бўйича йиғилиш ўтказди

Маиший чиқиндиларни қайта ишлаш ҳақида сўз борар экан, президент хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш ва кенг жорий этиш зарурлигини таъкидлади
Sputnik

ТОШКЕНТ, 2 фев – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2 февраль куни экологик ҳолатни яхшилаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни таҳлил этиш, энг долзарб вазифаларни белгилаб олишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, республикада 53 фоиз аҳолига санитар-тозалаш хизмати кўрсатилади, холос. Шундан атиги 15 фоизи хусусий сектор ҳиссасига тўғри келади. Деярли барча қишлоқларда маиший чиқиндиларни йиғиш, сақлаш ва ташиш умуман йўлга қўйилмаган.

Ўзбекистоннинг 14 ҳудудида чиқиндиларни қайта ишлаш кластери пайдо бўлади

Йиғилишда шу каби камчилик ва муаммолар танқидий таҳлил қилиниб, тизим олдидаги долзарб вазифалар белгилаб берилди.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига тегишли вазирликлар билан биргаликда шаҳарларда чиқинди йиғиш шохобчаларини тартибга солиш, қишлоқ аҳоли пунктларида санитар-тозалаш хизматларини ривожлантириш бўйича 5 йиллик дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Ушбу дастурда кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли сонидан келиб чиқиб, чиқинди йиғиш майдончаларини намунавий лойиҳалар асосида оптимал ташкил этиш, чиқинди ташиш махсус техникалари харидини кўпайтириб, қишлоқ аҳолисини санитар-тозалаш хизматлари билан босқичма-босқич қамраб олиш, давлат-хусусий шериклик принципи асосида "Тоза ҳудуд" унитар корхоналари буюртмасига кўра соҳада тадбиркорлар иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари назарда тутилади.

Маиший чиқиндиларни қайта ишлаш ҳақида сўз борар экан, президент хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш ва кенг жорий этиш зарурлигини таъкидлади.

Ўзбекистонда электротехника чиқиндилари қайта ишланади

"Германия, Бельгия, Япония, Голландия, Швеция каби мамлакатларда 60-65 фоиз маиший чиқинди қайта ишланади, 20-25 фоизидан энергия олинади, қолган қисми ёқилади. Яъни чиқиндини полигонларда кўмишга ҳам эҳтиёж йўқ. Бунинг натижасида ер ресурслари тежалади, иқтисодий самарага эришилади ва атроф-муҳитга салбий таъсир камаяди", деди Шавкат Мирзиёев.

Шундан келиб чиқиб, жорий йилда Ўзбекистоннинг 9 та шаҳрида чиқиндини йиғиш ва қайта ишлаш кластерларини ишга тушириш бўйича топшириқ берилди.

Шунингдек, Фарғона водийси, Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятларида амалга ошириладиган чиқиндини қайта ишлаш лойиҳалари бўйича инвесторлар билан битимлар имзолаш, лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш ва молиялаштириш юзасидан "йўл харитаси"ни ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Маиший чиқиндиларни утилизация қилиш ишларини тизимли ташкил этиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Пластик, полиэтилен ва бошқа қадоқлаш материалларини тўплаш, утилизация қилиш ёки қайта ишлашга топширишда иштирок этаётган юридик ва жисмоний шахсларни рағбатлантириш механизмини жорий қилиш зарурлиги қайд этилди.

Атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш соҳасида давлат назоратини кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Масалан, Андижон, Ангрен, Бухоро, Навоий, Фарғона, Олмалиқ, Бекобод, Чирчиқ, Тошкент ва Нукус каби саноатлашган шаҳарларда ҳавонинг чанг билан ифлосланиш даражаси санитар меъёрдан ўрта ҳисобда 2,7 баробар ортгани кузатилган.

Браконьерлар туфайли Ўзбекистон табиатига 258 миллион сўмдан зиёд зарар етказилган

Шу боис, Экология давлат қўмитаси мутасаддиларига халқаро тажриба асосида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш Миллий концепциясини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.

Йиғилишда ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларини муҳофаза қилиш, улардан оқилона фойдаланиш, муҳофаза этиладиган ҳудудларни кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Масалан, ўтган йили ҳайвонот ва ўсимлик дунёси бўйича 3 минг 782 та ҳуқуқбузарлик ва браконъерлик ҳолатлари аниқланган. 8 та давлат қўриқхонасидан 6 таси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасида, 2 таси Геология ва Экология қўмиталари тасарруфида бўлиб, уларни бошқаришда ягона тизим мавжуд эмас. Шу боис, қўриқхоналарни ягона давлат органига бириктириш масаласини ўрганиб, асосли таклифлар ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Чиқиндиларни тўплаш ва ташиш ишларини доимий назорат қилиш, аҳолининг бу борадаги маданияти ва масъулиятини ошириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

"Бу борадаги ишлар замирида одамларнинг соғлиғи, турмуш фаровонлиги ётибди. Шу боис, бу масала билан ҳар бир туманда ва доимий шуғулланиш керак", деди давлат раҳбари.

Муҳокама қилинган масалалар бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берилди.