ТОШКЕНТ, 26 янв — Sputnik. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаси экспертларининг хулосасига кўра, "Қизил китоб"га киритилган ноёб жониворларнинг нобуд қилиниши оқибатида ҳайвонот дунёсига жами 258 миллион 360 минг сўм миқдорида зарар етказилган.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон ноёб жониворлар-сайғоқлар ва жайронлар сақланиб қолган дунёнинг беш мамлакатидан биридир.
Жайрон Ўзбекистон"Қизил китоби"га киритилган бўлиб, уни Ўзбекистонда овлаш тақиқланган.
2018 йил 20 январда Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳузуридаги Биоинспекциянинг ҳудудий инспекциялари инспекторлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари билан ҳамкорликда Тахтакўпир тумани "Китай-козган" коллектори ҳудудида тезкор рейдлар олиб борилди, деб хабар беради қўмита матбуот хизмати.
Туриниёз Нурабуллаев, Сидилла Аримбетов, Атамурат Бердияров, Саломат Искандаров бошқарувида бўлган "УАЗ-469"русумли автомашина тўхтатилиб, кўздан кечирилганда ов қуроли билан отилган 20 бош ёввойи жайрон олиб кетилаётгани маълум бўлди.
Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.