Тожикистон рус театри Самарқандда Пушкин асарлари асосидаги спектаклни намойиш этди
17:53 25.11.2026 (янгиланди: 18:10 25.11.2026)

© Sputnik
Oбуна бўлиш
Эксклюзив
Самарқанд ва Душанбе театрлари келгуси йилда режиссёрлар алмашинувини йўлга қўйиш ва ўзаро гастроль сафарларини ташкил этишни режалаштирмоқда.
ТОШКЕНТ, 25 ноя — Sputnik. Душанбедаги Владимир Маяковский номидаги давлат рус драма театри Самарқандга гастроль сафари билан келди. Театр жамоаси маҳаллий томошабинлар учун иккита спектакль — Александр Пушкин асарлари асосидаги "Вабо давридаги базм" ва "Симбаднинг саргузаштлари" болалар эртагини тайёрлаган, деб хабар бермоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Биринчи спектакль томошабинлар томонидан гулдурос қарсаклар ва олқишлар билан кутиб олинди. Саҳнада Дмитрий Мурзинов, Мунира Дадаева, Мавлонбиби Нажмиддинова, Марина Ярмолик, Римма Уланова ва бошқа актёрлар чиқиш қилди.

Государственный русский драматический театр имени В. Маяковского из Душанбе приехал в Самарканд на гастроли
© Sputnik
"Вабо давридаги базм" спектакли Александр Пушкиннинг учта асарини — "Кичик фожиалар" туркумидаги шу номли фожиа, "Фаустдан саҳна" ва "Қуръонга тақлидлар" туркумини бирлаштирган. Мураккаб саҳна асари бўлишига қарамай, спектакль томошабинлар томонидан яхши қабул қилинмоқда.
"Бир неча йил аввал бу спектаклни Россиядаги театр фестивалида намойиш этган эдик. Ўшанда россиялик танқидчилар ишимизни юқори баҳолаб, уни намойиш этишни тавсия қилишганди. Шу тариқа спектакль Россиянинг саккиз шаҳрида намойиш этилди. Самарқандга келишимиздан аввал ҳам Барнаул ва Бийскда гастроль сафарида бўлдик. У ерда томошабинлар айнан шу спектаклни намойиш этишимизни сўрашди", — дейди театр бош режиссёри Хуршед Мустафо.
Унинг сўзларига кўра, бу театрнинг Пушкин асарлари асосида саҳналаштирган биринчи спектакли эмас. Яқинда театр жамоаси душанбелик томошабинларга "Қарға хоним" спектаклининг премьерасини тақдим этди.
Театр репертуаридан ўзбек муаллифларининг асарлари асосида саҳналаштирилган "Насриддиннинг беш хотини" ва "Келинлар қўзғолони" каби спектакллар ҳам ўрин олган.

Государственный русский драматический театр имени В. Маяковского из Душанбе приехал в Самарканд на гастроли
© Sputnik
Самарқандлик томошабинлар Душанбе театри ижоди билан вилоят рус драма театри саҳнасида танишмоқда.
Икки театр ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган. Келгуси йилда томонлар режиссёрлар алмашинувини йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Режиссёрлар ҳамкор театр саҳнасида спектакль қўйиш имконига эга бўлади.
Шунингдек, 2027 йилда Самарқанд театри жамоасининг Тожикистонга гастроль сафари режалаштирилган. Ўзбекистонлик актёрлар тожикистонлик томошабинларга ўзларининг энг сара спектаклларини тақдим этади.
