Боевая подготовка подразделений ВДВ на полигоне в зоне СВО. - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 24.02.2022
Россиянинг Донбассдаги махсус ҳарбий операцияси
Россия 21 февраль куни Донецк ва Луганск халқ республикаларини тан олишини эълон қилди, 24 февраль куни эса Владимир Путин Донбассда махсус ҳарбий операция бошланганини маълум қилди. Россия Мудофаа вазирлиги Украина ҳарбий инфратузилмасига, хусусан қурол-яроғ омборлари ва аэродромларга зарба берди.

"Дань-Т" ва "Герань-5 К5-К": Россия Киевга қарши яна қандай кутилмаган қуролни ишга солди

© Министерство обороны РФРоссийские военные впервые показали работу дрона "Дань-Т" на СВО
Российские военные впервые показали работу дрона Дань-Т на СВО - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 12.11.2026
Oбуна бўлиш
Россиянинг "Дань-Т" ва "Герань-5 К5-К" ракеталари имкониятлари ҳамда жанговар аҳамиятини Александр Хроленко таҳлил қилди.
ТОШКЕНТ, 12 ноя — Sputnik. Ҳарбий шарҳловчи Александр Хроленко Россиянинг янги "Дань-Т" ва "Герань-5 К5-К" ракеталарининг имкониятлари, уларни жанговар қўллаш хусусиятлари ҳамда нисбатан арзон юқори аниқликдаги қуролларни оммавий ишлаб чиқаришнинг стратегик аҳамияти ҳақида мақола ёзди.
Александр Хроленко мақоласи
Россия Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар майдонида амалда бутун жамоавий Ғарбдан иборат душман устидан технологик ва стратегик устунлигини намойиш этмоқда.

"Дань-Т", "Герань-5 К5-К", "Бандероль", "Филин" ва бошқа янги қанотли ракеталарнинг қўлланилиши Украина Қуролли кучлари ва НАТОда хавотир уйғотмоқда. Чунки уларда бундай ракеталарни уриб тушириш учун ишончли ҳаво мудофааси воситалари ва иқтисодий жиҳатдан мақбул усуллар етишмайди.

6 ноябрь куни Россия Мудофаа вазирлиги "Ғарб" қўшинлар гуруҳи масъулият ҳудудида Ми-28НМ "Тунги овчи" зарбдор вертолётидан қанотли ракета учирилгани акс этган видеони намойиш қилди. Айрим ҳарбий нашрлар уни "Дань-Т" деб атади. "The War Zone" эса видеодаги қурол "Дань-Т" ёки унга ўхшаш "Бандероль" бўлиши мумкинлигини қайд этди.
"Дань-Т"нинг учиш масофаси 450 кмгача, тезлиги соатига қарийб 500 км. Оғирлиги 130 кг бўлган жанговар қисми арсеналлар, омборлар, таъминот марказлари, саноат ва порт иншоотлари каби мустаҳкамланган объектларга фронт чизиғидан анча олисда зарба бериш имконини яратади.
Ракетанинг муҳим хусусияти — уни вертолётдан паст баландликда учириш мумкинлиги. Бу учириш жараёнини душман радарларидан яширишга ва вертолётнинг ҲҲМ тизимлари таъсир доирасига кирмасдан зарба беришига хизмат қилади.
"Дань-Т" сунъий йўлдош ва инерциал навигацияни бирлаштирган нишонга йўналтириш тизимига эга. Инерциал тизим гироскоплар, тезланиш ва баландлик датчиклари ҳамда магнитометр ёрдамида автоном ишлайди.
Сунъий йўлдош навигацияси хатоларни тўғрилайди, парвознинг якуний босқичида эса оптик-электрон тизим нишонни танийди. Бу ракетага душман радиоэлектрон кураш воситаларини қўллаган шароитда ҳам оператор аралашувисиз ҳаракатланиш имконини беради.
"Ростех" корпорациясида ракетанинг бошқарув тизими ва реактив двигатели такомиллаштирилаётгани, жанговар қисмлар турини кенгайтириш режалаштирилаётгани таъкидланди. Украиналик экспертлар баҳосига кўра, "Дань-Т" "Бандероль"дан 35 фоиз арзон. Россия мудофаа саноати эса йилига 10 мингтагача шундай ракета ишлаб чиқариш имкониятига эга, деб баҳоланмоқда.
Тун қаъридаги жимжит даҳшат
10 ноябрга ўтар кечаси Россия қўшинлари Украинанинг Киев, Винница, Полтава, Кировоград ва Харьков вилоятларидаги энергетика объектларига, жумладан, подстанцияларга навбатдаги зарбаларни берди.
Украиналик кузатувчилар зарба етиб келгунига қадар ғайриоддий сукунат ҳукм сурганини таъкидлашди. Эҳтимол, бу 2026 йил сентябридан фаол қўлланилаётган янги "Герань-5 К5-К"нинг хусусияти билан боғлиқдир.
Украина ҳарбий разведкаси ҳам ушбу қурилманинг имкониятларини ўрганган. Унинг учиш масофаси 1000 км атрофида, максимал баландлиги 6000 метр.
Парвоз тезлиги соатига 450 кмдан ошади, айрим манёврларда эса 1000 кмгача етиши мумкин. Парчаланувчи-фугасли ёки термобарик жанговар қисмининг оғирлиги 90 кг.
"Герань-5 К5-К"нинг яна бир афзаллиги — оптик навигация тизими. У сунъий йўлдош сигналларидан фойдаланиш билан бирга, радиоэлектрон кураш воситалари қаршилиги шароитида ҳам белгиланган йўналишни сақлашга ёрдам беради. Россиялик экспертлар бу хусусият ракетанинг нишонга аниқ зарба бериш имкониятини оширишини таъкидламоқда.
Россиянинг "Дань-Т", "Герань-5 К5-К", "Бандероль", "Филин" ва бошқа янги қуроллари радарларда қийин аниқланиши ҳамда паст баландликда ер рельефини айланиб ўтиши билан ажралиб туради. Улар қўмондонлик пунктлари, ҳарбий техника, истеҳкомлар, дронларни учириш жойлари ва ҲҲМ мажмуаларига зарба бериш учун мўлжалланган.
Бироқ бундай қуролларнинг аҳамияти фақат жанговар хусусиятларида эмас. Бу — "юқори аниқликдаги қуролларнинг янги иқтисодиёти".
Толиқтириш урушида ракеталарнинг мураккаблиги эмас, балки юқори аниқликдаги зарбаларни узлуксиз бериш имконияти ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Нисбатан арзон қанотли ракеталарни кўплаб ишлаб чиқариш стратегик устунликка айланади.
Американинг "Military Watch Magazine" ва "The War Zone" ҳарбий нашрлари ҳам Россиянинг янги ишланмаларини таҳлил қилиб, уларнинг нисбатан арзонлиги ва дронлар, зарбдор вертолётлар ҳамда ердаги қурилмалардан учирилишига эътибор қаратди.
"The War Zone" 6 ноябрь куни АҚШ Денгиз пиёдалари корпуси ҳам AH-1Z Viper вертолётларини бир неча юз километр масофага зарба бера оладиган "Red Wolf" ракеталари билан жиҳозлаш устида ишлаётганини ёзди.
Шундай бўлса-да, нисбатан арзон юқори аниқликдаги қанотли ракеталарни жанговар қўллашда Россия жаҳонда етакчи ўринни эгалламоқда.
Айни пайтда АҚШ ҳам Украина учун узоқ масофали "AGM-188A Rusty Dagger" ракеталарини ишлаб чиқмоқда. Уларни "Zone 5 Technologies" компанияси 2024 йилда бошланган "Extended Range Attack Munition" дастури доирасида яратган. Ракеталарнинг максимал учиш масофаси учириш шароитига қараб 930 кмгача етиши мумкин. Уларни самолётлардан, янги модификациясини эса ердаги платформалардан учириш кўзда тутилган.

10 ноябрда Россия Мудофаа вазирлиги ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари АҚШда ишлаб чиқарилган тўртта "AGM-188A Rusty Dagger" қанотли ракетасини уриб туширганини маълум қилди.

Нима бўлганда ҳам, юқори технологияли қанотли ракеталарни оммавий ишлаб чиқариш Россиянинг муҳим стратегик ресурсига айланиб бормоқда. Бундай қуроллар фронт чизиғида ҳам, душманнинг чуқур орқа ҳудудларида ҳам устунликни таъминлашга хизмат қилади.
Бандероль - новое оружие России - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 20.06.2026
Россиянинг Донбассдаги махсус ҳарбий операцияси
"Бандероль": Россия Киевни янги қурол билан ҳайратда қолдирди
Янгиликлар лентаси
0