Хантавирус янги пандемияга сабаб бўладими? Олимлар изоҳи

© Sputnik / Евгений Одиноков / Медиабанкка ўтишКоронавирус
Коронавирус - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 14.05.2026
Oбуна бўлиш
Ижтимоий тармоқларда хантавирус ҳақида хавотирли хабарлар тарқалди. Фанлар академиясига кўра, Ўзбекистонда вазият барқарор, пандемия хавфи йўқ.
ТОШКЕНТ, 14 май — Sputnik. Ўзбекистон Фанлар академияси ижтимоий тармоқларда тарқалган хантавирус ҳақидаги хавотирли хабарларга ойдинлик киритди.
Мутахассисларга кўра, ваҳимага асос йўқ: гап Ўзбекистонда учрамайдиган ва глобал пандемия хавфини туғдирмайдиган “Андес” штамми ҳақида кетмоқда.
Бу қандай вирус?
Май бошида Атлантика океанидаги кемалардан бирида хантавирус ҳолатлари аниқланган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, бу ҳолат Жанубий Америкада учрайдиган “Андес” штамми билан боғлиқ.
“Андес” штамми бошқа хантавируслардан фарқ қилади: у жуда яқин ва узоқ муддатли мулоқотда одамдан-одамга юқиши мумкин. Аммо бу грипп ёки COVID-19 каби ҳаво орқали тез тарқаладиган вирус эмас. Европа касалликларни назорат қилиш маркази ҳам “Андес” вируси одатда фақат яқин ва давомли алоқада юқишини қайд этган.
Шунинг учун халқаро мутахассислар бу ҳолатни янги глобал пандемия бошланиши сифатида баҳоламаётганини билдирмоқда. АҚШ Касалликларни назорат қилиш маркази ҳам умумий аҳоли учун хавф пастлигини маълум қилган.
Ўзбекистонда хавф борми?
Фанлар академиясига кўра, Ўзбекистонда вазият барқарор. Мамлакатда одамдан-одамга юқиши мумкин бўлган “Андес” штамми мавжуд эмас ва бундай ҳолат аввал ҳам қайд этилмаган.
Мутахассислар таъкидлашича, минтақамизда учрайдиган хантавируслар одамдан-одамга юқмайди. Улар асосан ёввойи кемирувчилар — сичқон ва каламушлар орқали тарқалиши мумкин.
Вирус инсонга кўпинча кемирувчилар чиқиндиси аралашган чангни нафас орқали ютганда ёки озиқ-овқат тўғри сақланмаганда юқиши эҳтимоли бор.
Қандай эҳтиёт чоралари керак?
Мутахассислар оддий гигиена қоидаларига амал қилишни тавсия қилмоқда:
узоқ вақт ёпиқ турган дала ҳовли, ертўла ёки омборларни тозалашда ниқоб тақиш;
чанг кўтармаслик учун бундай жойларни намлаб тозалаш;
озиқ-овқатларни кемирувчилар кира олмайдиган ёпиқ идиш ёки жойларда сақлаш.
Фанлар академияси ОАВ ва блогерларни хантавирус ҳақидаги шов-шувли сарлавҳаларга эмас, расмий ва илмий маълумотларга таянишга чақирди.
В Забайкалье поступила тест-система для определения антигена коронавируса - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 13.05.2026
Ўзбекистонда хантавирус билан касалланиш ҳолатлари қайд этилмади — Нурмат Атабеков
Янгиликлар лентаси
0