Уюшган ва кибержиноятларга қарши кураш кучайтирилади

© Sputnik / Владимир Трефилов / Медиабанкка ўтишВирус-вымогатель атаковал IT-системы компаний в разных странах
Вирус-вымогатель атаковал IT-системы компаний в разных странах - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 13.03.2026
Oбуна бўлиш
SIM-картаси ва электрон аккаунтлардан кибержиноятни содир этишда фойдаланилишига йўл қўйганлик учун жавобгарлик белгиланади.
ТОШКЕНТ, 13 мар — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев кибержиноятлар ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этиладиган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш самарадорлигини ошириш юзасидан таклифлар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.
Тақдимотда ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятлар ҳамда кўплаб фуқароларга жабр келтираётган “молиявий пирамида” учун жазо чораларини кучайтириш мақсадга мувофиқ экани қайд этилди.
Ўз номидаги электрон тўлов воситаси, криптоҳамёни, SIM-картаси ва электрон аккаунтлардан кибержиноятни содир этишда фойдаланилишига йўл қўйганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгилаш таклиф қилинди.
Юридик шахслар томонидан ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик талабларига риоя этмаганлик учун оқибат келиб чиққан-чиқмаганидан қатъи назар, маъмурий жавобгарликни белгилаш таклиф қилинди.
Таъкидланишича, ушбу амалиёт масофадан молиявий хизматларни кўрсатувчи банкларга ҳам тааллуқли бўлади.
Тижорат банклари, тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик талабларига риоя этмаганлиги натижасида содир этилган кибержиноят оқибатида юзага келган моддий зарар учун жавобгар бўлишини қонунан мустаҳкамлаш ташаббуси илгари сурилди.
Тақдимотда уюшган жиноятчиликнинг содир этиш шакл ва услублари янгиланиб бораётгани кўрсатиб ўтилди.
Оғир ва ўта оғир турдаги жиноятларни содир этиш мақсадида жиноий уюшма ташкил этганлик, уни молиялаштирганлик, улар томонидан содир этилган жиноятларни яширишга ҳомийлик қилганлик, жанговар спорт турлари бўйича мусобақаларни ноқонуний ташкил этганлик ва ўтказганлик учун жиноий жавобгарликни белгиловчи, безорилик жинояти учун жазо чоралари кучайтиришни назарда тутувчи, шунингдек, қонунга зид равишда ташкил этилган жанговар спорт турлари бўйича мусобақаларда иштирок этганлик учун маъмурий жавобгарликни белгиловчи нормалар киритиш таклиф этилди.
Президент таклифларни маъқуллаб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.
Маълумотларга кўра, мамлакатда сўнгги олти йилда кибержиноятлар бўйича мурожаатлар сони 48 бараварга ошган. Ўтган йилда содир этилган фирибгарлик жиноятларининг 82 фоизи, ўғирлик жиноятларининг 76 фоизи кибермаконда содир этилган. Улар орқали жисмоний ва юридик шахсларга етказилган моддий зарар 2 триллион сўмдан ошган.
Киберфирибгарлардан қандай ҳимояланиш керак? - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 25.12.2024
Матбуот маркази
Киберфирибгарлардан қандай ҳимояланиш керак?
Янгиликлар лентаси
0